Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида ўтаётган навбатдаги саммити, одатдагидек, кенг халқаро ҳамжамият эътиборини тортмоқда. Бу галги саммит алоҳида аҳамиятга эга: ҳисоб бўйича 25-саммит, ХХР (асосчи давлатлардан бири ва энг нуфузли иштирокчи) ҳудудида бешинчи марта ўтказилмоқда ҳамда унда ўттизга яқин мамлакат ва халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этяпти.
Келаси йил ШҲТ 30 ёшга тўлади — ташкилот 1996 йилда «Шанхай бешлиги» сифатида ташкил этилган ва 2001 йилда ШҲТга айланган. Бироқ мутахассислар ташкилотнинг мақсад ва вазифаларини сўроқ остига қўйишда давом этяпти. Фикрлар «манфаатлар клуби», «НАТОга ўхшаш иттифоқ» ёки ҳатто «янги БМТ» сингари турли талқинларни ўз ичига олади.
Ташкилотнинг ўзи эълон қилинган мақсад ва вазифалари реал воқеликдаги моҳиятига мос келмаётганини кўрмаслиги мумкин эмас. Шу нуқтаи назардан, гўё «ШҲТ ўзи нима билан шуғулланади?» деган саволга жавобан Тяньцзиндаги саммит «ШҲТ амалда» шиори остида ўтмоқда. Саммит якунланмагунча, кузатувчиларга ниҳоят «ШҲТ амалда» ўзи нима эканини кўрсатиб қўйишларига умид бор.
Бундан ташқари, ташкилотнинг вазифалари қаторига минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни биргаликда таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, демократик, адолатли ва оқилона янги халқаро сиёсий ва иқтисодий тартибни яратишга интилиш ҳам киради.
ШҲТнинг расмий ҳужжатларида аъзо мамлакатлар амал қиладиган «Шанхай руҳи» тамойили ҳам тилга олинган. Бунда ўзаро ишонч ва манфаатдорлик, тенглик, маданиятлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиш, қарорлар қабул қилишда консенсус тамойили назарда тутилади.
ШҲТнинг ютуқлари қаторида унинг энг йирик минтақавий ташкилот эканини келтириб ўтиш мумкин: унга аъзо мамлакатлар дунё ҳудудининг деярли учдан бир қисмини эгаллайди, уларда Ер юзи аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи истиқомат қилади, уларнинг иқтисодиёти жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бир қисмини ташкил этади ва ҳоказо.
Шу билан бирга, ШҲТ тобора кенгайиб бормоқда. Сўнгги ўн йил ичида ташкилотга Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Беларусь қўшилди, яна 14 давлат мулоқот бўйича ҳамкор ҳисобланади. Кузатувчи мамлакатлар ва кузатувчиликка номзодлар билан биргаликда «ШҲТ плюс» формати шакллантирилди.
Кейинчалик у постсовет ҳудудида Хитой ва Россия ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун минтақавий тузилмага айланди ва Ўзбекистон қўшилгач, тўлақонли ШҲТга айланди.
ШҲТ доирасида, кўринишидан етарлича салмоқли бўлган, ўз институтлари пайдо бўлди: ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бизнес ҳамжамиятлари вакилларини бирлаштиради, Банклараро бирлашма инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш билан шуғулланади, Тошкентдаги Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) эса терроризмга қарши фаолият билан шуғулланади. Қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказадиган МАТТни ташкилотнинг энг фаол тузилмаси дейиш мумкин.
Бундай хилма-хил манфаатларга эга аъзолардан таркиб топган ташкилот доирасида мазкур институтларнинг мавжудлиги турли мамлакатларнинг фарқли идоралари ўртасида алоқалар ўрнатишга ёрдам беради, акс ҳолда, улар ўзаро ҳамкорлик қила олмаган бўлар эди. ШҲТнинг қиммати ҳам айнан шундан келиб чиқади: бу нафақат мунтазам учрашувлар ўтказиладиган улкан майдон, балки safe space ҳамдир — бу ерда бир-бирининг ички сиёсатидаги муаммоларга ишора қилишга мойил бўлган мамлакатлар йўқ.
Айни пайтда бу турли мамлакатларнинг ташкилотдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга уринишларига тўсқинлик қилмайди. Масалан, Россия ҳар сафар ўзининг ташқи сиёсий «саргузаштларида» ШҲТнинг қўлловига умид қилади. 2008 йилда ўша пайтдаги президент Дмитрий Медведев Жанубий Осетия мустақиллиги масаласини кўтарган, 2014 йилда Россия кун тартибида Қримни тан олиш масаласи бўлган, 2022 йилда эса Москва Украинадаги уруш бўйича БМТдаги овоз беришда ШҲТ давлатларининг ягона позициясига эришиш истагида эди.
Москва, шунингдек, вақти-вақти билан ШҲТнинг янги вазифасига ўз мафкуравий қарашларини сингдиришга ҳаракат қилмоқда, бироқ унинг ҳозирги мафкураси бошқа иштирокчи мамлакатларнинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларга мос келмайди. 2022 йилда Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити олдидан расмий Тошкент россиялик журналистларнинг «ШҲТ — Россиянинг НАТОга жавоби» деган фикрларини қатъий инкор этгани ҳам бежизга эмас.
Хитой ШҲТдан ўзининг дискурсив кучини илгари суриш мақсадида фойдаланмоқда, бу ташкилот қабул қиладиган қўшма ҳужжатларда кўзга ташланади. Уларда илдизи Хитой Компартиясининг «ягона тақдир ҳамжамияти» каби атамаларига бориб тақаладиган ибораларни учратиш мумкин. Бир пайтлар Пекин ШҲТни Марказий Осиёдаги ўз мақсадларини амалга ошириш учун ишчи тузилмага айлантиришга уринган, бироқ Россия Хитойнинг иккита асосий ғояси: тараққиёт банки ва эркин савдо ҳудудини ташкил этиш ташаббусига қатъий тўсқинлик қилиб келган. Натижада Пекин мустақил ҳаракат қила бошлади.
Бошқа давлатлар ШҲТдаги иштирокини жаҳон сиёсатига алоқадорлиги ва халқаро изоляцияда эмаслигининг исботи сифатида намойиш этмоқда (масалан, Эрон, Беларусь ва кузатувчи сифатидаги Афғонистон). Ҳиндистон учун ШҲТ муқобил майдон вазифасини ўташи мумкин, ШҲТда иштирок этиш унга Ғарб билан музокаралар мавқеини кучайтириш имконини беради.
Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун ШҲТ бир неча жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Биринчидан, минтақа мамлакатлари ушбу ташкилотнинг асосчилари ҳисобланади ва улар ташкил этган йирик халқаро тузилмалар дунёда унча кўп эмас. Иккинчидан, ШҲТ геосиёсий нуқтаи назардан қимматли майдон, чунки у ўзаги Марказий Осиё бўлган Евроосиёни қамраб олади. Учинчидан, у турли мамлакатлар раҳбарияти билан ҳукуматнинг барча даражаларида алоқалар ўрнатиш учун ноёб имконият яратади ва оқилона ёндашув билан ШҲТ саммитлари икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш учун ажойиб восита бўлиб хизмат қилиши мумкин.
ШҲТ моҳиятининг мужмал экани камчилик эмас, балки замонавий халқаро муносабатлардаги умумий тенденцияни маълум даражада акс эттирувчи асосий хусусиятдир. Бошқа давлатларнинг хатти-ҳаракатлари учун қўшимча жавобгарликни ўз зиммаларига олмаслик мақсадида тобора кўпроқ мамлакатлар, икки томонлама муносабатлар ҳар қачонгидан-да яқин бўлган тақдирда ҳам, иттифоқ ва альянслардаги қатъий меъёрлардан воз кечмоқда.
Бунга мисоллар ҳатто анъанавий Ғарб иттифоқлари орасида ҳам топилади. Ҳарбий иттифоқ намунаси ҳисобланган НАТО бугунги кунда ҳатто АҚШнинг ўзида ҳам эскирган форматдаги ташкилот сифатида қабул қилинмоқда. Янги Америка ташаббуслари — QUAD (Австралия, Ҳиндистон, АҚШ ва Япония ўртасидаги тўрт томонлама хавфсизлик мулоқоти) ва AUKUS (Австралия, Буюк Британия ва АҚШ ҳарбий-сиёсий формати) энди НАТОнинг бешинчи моддаси каби қатъий ваъдаларни ўз ичига олмайди.
Айни шу мослашувчанлик ШҲТга ҳам хос. Хитой асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида ташкилот фаолиятини аниқлаштиришга уринмаяпти, чунки доимий ўзгарувчан геосиёсий вазият шароитида бу чекловга айланиши мумкин.
Шундай қилиб, ШҲТ айнан мужмаллиги туфайли стратегик актив бўлиб қолмоқда. Унинг вазифасидаги бу стратегик бўшлиқ келажакдаги инқироз пайтида ҳар қандай нарса билан тўлдирилиши ёки, агар зарурат туғилмаса, бўш қобиқлигича қолиши мумкин. ШҲТ бўлғуси иттифоқ учун ўзига хос тайёргарлик бўлиб, унинг аниқ жиҳатлари ўзгарувчан эҳтиёжларга қараб белгиланади.
Бу мослашувчанлик ташкилотнинг долзарблигини сақлаб қолиш ва янги аъзоларни жалб қилиш имконини беради, бу эса уни замонавий халқаро майдонда ноёб ҳодисага айлантиради. Мамлакатлар Хитойнинг фаолиятни аниқлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади, чунки Пекинда иштирокчиларни ўз таклифларининг тўғрилигига ишонтириш учун далиллар етарли.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин. Gazeta мамлакат тараққиёти учун муҳим масалалар юзасидан турли мулоҳазаларни эълон қилишга очиқ.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.