Ўзбекистон адоватли ёндашувларни қўллаб-қувватламайди — ТИВ матбуот котиби
Ўтган ҳафта Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити якунлари бўйича Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби
Аҳрор Бурханов Gazeta`га эксклюзив изоҳларини тақдим этди, унда Ўзбекистон ташқи сиёсатда қандай устувор йўналишларга амал қилаётгани ва нима учун мамлакат кўп векторли тамойилга амал қилаётгани ҳақида сўз боради. У, шунингдек, Ўзбекистон янги глобал бошқарув тизимини қандай кўраётгани ва нима учун ШҲТ очиқ ва инклюзив тузилма бўлиб қолиши муҳимлиги ҳақида гапирди.
— Хитойдаги саммит ва бошқа тадбирлар кўплаб экспертлар томонидан Пекиннинг Ғарб билан қарама-қаршиликда ўз атрофига дўст мамлакатлар коалициясини тўплашга уриниши сифатида талқин қилинмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой, Россия ва КХДР унинг мамлакатига қарши «фитна» уюштираётганига ишора қилди.
— Биз кўп томонлама халқаро тадбирлар давлатлар ўртасида ўзаро англашув, мулоқот ва конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган ғоядан келиб чиқамиз.
Мамлакатимиз Шарқ ва Ғарбдаги барча шериклар билан халқаро ҳуқуқ, аралашмаслик ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари асосида тенг ҳуқуқли ва ҳурматга асосланган ҳамкорлик қилиш тарафдори бўлиб келмоқда. Биз адоватли ёндашувларни назарда тутувчи қарашларни қўллаб-қувватламаймиз ва ҳозирги замоннинг ҳар қандай муаммолари конфронтация эмас, балки мулоқот орқали ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига келсак, у ташкил этилганидан буён ўзини блокларга қўшилмайдиган ва очиқ бирлашма сифатида кўрсатиб келмоқда. Унинг фаолияти ички ишларга аралашмаслик, тенг ҳуқуқлилик, миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш принципларига асосланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ШҲТ ҳарбий-сиёсий иттифоқ эмас ва учинчи мамлакатларга ёки бирон-бир халқаро бирлашмаларга қарши қаратилмаган. Бу ШҲТ хартиясида ҳам асосий тамойил сифатида белгиланган.
— Ўзбекистон бугун у ёки бу томонни танлаш олдида турибдими? Тошкент глобал зиддиятларга аралашиб қолмаслик учун қандай чоралар кўради?
— Ўзбекистон
кўп векторли, прагматик ва конструктив мулоқот тамойилларига асосланган мустақил ва мувозанатли ташқи сиёсатни изчил амалга оширмоқда.
Биз халқаро муносабатларга ноль суммали ўйин сифатида қарамаймиз ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаймиз. Асосий устувор йўналиш — Марказий Осиё минтақасининг турғун ривожланиши, барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш.
Бунинг учун Тошкент геосиёсий қарама-қаршиликлар томон юрмасдан, дунёнинг турли минтақаларидаги давлатлар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлашда давом этади.
— ШҲТ саммитида ХХР раиси Си Цзиньпин глобал бошқарувнинг янги тизимини шакллантириш зарурлигини таъкидлади. Бу тизим қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида Тошкентнинг ўз тасаввури борми? Унда Ўзбекистон қандай роль ўйнаши мумкин?
— Ўзбекистон янги глобал бошқарув тизими халқаро ҳуқуқнинг универсал тамойиллари, биринчи навбатда, БМТ низоми асосида қурилиши кераклигидан келиб чиқади. У
адолатли, инклюзив ва иқлим ўзгариши ва озиқ-овқат хавфсизлигидан тортиб трансмиллий таҳдидларга қарши курашишгача бўлган глобал чақириқларга биргаликда жавоб беришга қаратилган бўлиши керак.
Бундай тизим давлатларнинг ҳақиқий тенг ҳуқуқлилигини, уларнинг суверенитетини ҳурмат қилишни таъминлаши, шунингдек, ривожланаётган мамлакатларга қарорлар қабул қилишда тўлақонли иштирок этиш учун кўпроқ имкониятлар бериши биз учун муҳимдир.
Ўзбекистон ўз вазифасини минтақалар ўртасида ишончли кўприк, мулоқот ва ҳамкорлик майдони сифатида кўради. Мамлакатимиз барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ёки минтақавий барқарорликни таъминлаш соҳасидаги ечимларни ишлаб чиқишга ҳисса қўшишга тайёр.
— Ўзбекистон президенти ШҲТни изчил кенгайтириш ва ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантириш тарафдори эканини таъкидлади. Глобал Жануб концепцияси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг янги йўналишларидан бирига айланмоқда, деб ҳисоблаш мумкинми?
— Ўзбекистон дунёнинг барча минтақалари, жумладан, Глобал Жануб мамлакатлари билан ўзаро алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор. Биз ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга, энг аввало, Осиё, Африка ва Лотин Америкаси маконида халқаро шерикликни чуқурлаштиришнинг муҳим имконияти сифатида қараймиз.
Шу билан бирга, бу ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларини ўзгартиришни англатмайди, балки Ўзбекистоннинг ташкилот мақсадлари ва тамойилларини баҳам кўрадиган барча манфаатдор давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун «ШҲТ плюс» платформасидан кенг фойдаланишга бўлган интилишини акс эттиради.
— Тошкент айнан қайси мамлакатлар ва минтақаларни Глобал Жанубга киритади? Ушбу макроминтақа билан қайси соҳаларда ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда?
— Биз «Глобал Жануб» тушунчасининг кенг талқин қилинишини қўллаб-қувватлаймиз, унга Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари киради.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициявий шериклик, инфратузилмани ривожлантириш, «яшил» технологиялар, қишлоқ хўжалиги, таълим, туризм, шунингдек, барқарор ривожланиш соҳасида тажриба алмашиш ушбу мамлакатлар билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўлиши мумкин.
Ишончимиз комилки, ушбу алоқаларнинг кенгайиши глобал ўзаро боғлиқлик ва мувозанатли ўсишни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
— Ўзбекистон ШҲТ келажагини қандай кўрмоқда? Ташкилот ҳозирги мулоқот платформаси мақомини сақлаб қолиши керакми ёки Тошкент уни каттароқ нарсага айлантириш истиқболларини кўряптими?
— Ўзбекистон ШҲТга, аввало, Евроосиёда ишонч, барқарорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашда ўзининг самарадорлигини исботлаган ноёб ва талаб юқори бўлган мулоқот платформаси сифатида қарайди. Ташкилотнинг қадриятини айнан унинг ёпиқ блок ёки ҳарбий-сиёсий иттифоққа айланмаётганида, балки очиқ ва инклюзив тузилма бўлиб қолаётганида кўрамиз.
Шу билан бирга, биз унинг иқтисодий ва гуманитар кўламини янада кенгайтириш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик ва «яшил» энергетикани, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш учун катта салоҳият борлигини кўрмоқдамиз. Ўзбекистон ШҲТ ўзининг асосий вазифаси — ишонч, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ва ўзаро манфаатлар макони бўлишини сақлаб қолган ҳолда, аъзо давлатлар учун амалий таъсирини босқичма-босқич кучайтириш тарафдоридир.