Марказий Осиёда бандлик ва фаровонлик масалалари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида муҳокама қилинди

Марказий Осиёда бандлик ва фаровонлик масалалари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида муҳокама қилинди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Марказий Осиёда бандлик ва фаровонликнинг иқтисодий ўсиш масалалари бўйича халқаро илмий-амалий муҳокама ташкил этилди.

Тошкент, 2025 йил 13 ноябрь.Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида (Марказ) Жаҳон банкининг«Европа ва Марказий Осиё иқтисодиёти: бандлик ва фаровонлик» мавзусидаги тадқиқоти тақдим этилади. Ҳисоботда макроиқтисодий жараёнлар ва меҳнат бозорлари динамикаси, шунингдек, минтақанинг иқтисодиёти барқарорлиги ва мослашувчанлик масалалари таҳлил қилинди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари қатнашди. Унда минтақадаги меҳнат бозорининг асосий тенденциялари, муаммолари ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Наджи Бенхасин тадбир иштирокчиларини қутлар экан, шуни таъкидлади: “Ўзбекистон Президенти томонидан амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакат барқарор иқтисодий ўсиш босқичига кирди. Бу ўзгаришлар миллий иқтисодиёт тараққиёти учун янги йўл очди. Ўзбекистон олдинга интилаётган ҳозирги шароитда ушбу динамикани сақлаб қолиш жуда муҳим — фақат юқори ўсиш кўрсаткичларини таъминлаш учун эмас, балки малакали ёшларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун ҳам. Иш ўринларини яратишни ва ёшларнинг қобилият ҳамда интилишларига мос имкониятларни кенгайтиришни устувор йўналишга айлантирган Ўзбекистон фаровон ва инклюзив келажак учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда — бунда ҳар бир фуқаро мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб, унинг самарасидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади.”

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Нозимжон Ортиқов тадбир иштирокчиларига мурожаатида: «Куч ва саъй-ҳаракатларимизни бирлаштирган ҳолда, илмий тадқиқотлар ва амалий тажрибаларга таяна олсак, глобал чақириқларга бардош бера оладиган барқарор иқтисодиётни ва барчага имкониятлар яратадиган минтақани шакллантиришимиз мумкин». Яшил иқтисодиёт ва сунъий интеллект ривожланаётган ҳозирги шароитда мутахассис, «инклюзив иш ўринларини яратиш учун давлат, бизнес ва ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш» зарурлигини қайд этди.

Марказий Осиёда бандлик ва фаровонлик масалалари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида муҳокама қилинди
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича бош иқтисодчиси Иван Торре ҳисоботнинг асосий хулосаларини тақдим этиб, учта устувор йўналишни алоҳида таъкидлади: бандликни қўллаб-қувватловчи инсон капитали ва жисмоний инфратузилмани ривожлантириш; бизнес учун қулай шароитларни таъминловчи дастурни амалга ошириш; барқарор ҳуқуқий-норматив муҳитни яратиш ва хусусий капитални жалб этиш.

Ҳисобот муаллифлари таъкидлаганидек, Марказий Осиё жами макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича етакчи позициясини сақлаб қолмоқда. Прогнозларга кўра, минтақанинг реал ЯИМ ўсиши 2026 йилда 5 фоиз, 2027 йилда эса 4,6 фоиз даражада бўлиши кутилмоқда. Асосий ҳиссани Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодиётлари таъминлайди. Ўзбекистонминтақадаги энг тез суръатларда ривожланаётган бешта иқтисодиёт қаторига киради. Мамлакатда 2025 йилда ЯИМ 6,2 фоизга, 2026 йилда эса 6 фоизга ошиши кутилмоқда.

Марказий Осиё мамлакатларида бандликнинг янги ўсиш нуқталари қайта тикланувчи энергия манбалари ва юқори технологиялар учун зарур бўлган камёб ер минералларини қазиб чиқариш соҳаларида шаклланмоқда. Минтақанинг салоҳияти ички энергия талабининг ортиб бориши, қулай географик жойлашуви ва қуёш ҳамда шамол электр станцияларини ривожлантириш учун етарли ер ресурсларига эгалиги билан белгиланади.

Марказий Осиёда бандлик ўсиши ҳозирча мўътадил, аммо барқарор тусда кечмоқда. Энг катта ҳисса Ўзбекистонга тўғри келади — бу ерда ЯИМ ўсиши билан иш ўринлари яратилиши ўртасидаги мутаносиблик юқори даражада намоён бўлмоқда. Қозоғистон ҳам минтақавий ўсишга салмоқли ҳисса қўшмоқда, аммо унинг таъсири бандлик даражасига нисбатан чекланганлигича қолмоқда. Умуман олганда, Марказий Осиё иқтисодиётлари иқтисодий ўсишга нисбатан ижобий бандлик эластиклигини намоён этмоқда, бу эса иқтисодий ўсишни янги иш ўринларига айлантириш қобилияти мавжудлигини кўрсатади.

Иштирокчилар бандликни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб этиш ва минтақавий иқтисодиётлар барқарорлигини ошириш йўллари ҳақида фикр алмашдилар.

Тадбир якунида экспертлар миллий ва халқаро институтлар ўртасида таҳлилий маълумотлар ҳамда илмий тадқиқотлар билан мунтазам алмашинишнинг аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.