Жамоатчилик аҳоли пунктларидаги ерларни олиб қўйишга тақиқ қўйиш ташаббуси билан чиқиши мумкин

Жамоатчилик аҳоли пунктларидаги ерларни олиб қўйишга тақиқ қўйиш ташаббуси билан чиқиши мумкин

Ўзбекистонда экологик мувозанатни сақлаш, аҳоли яшаш ҳудудларидаги яшил майдонларни асраш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган мақсадда, яқинда қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва табиат ҳимоясини кучайтириш бўйича янги механизмлар жорий этилмоқда.

Қарорга асосан, 2026-йил 1-мартдан бошлаб табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловларидан озод қилишга оид барча имтиёзлар ўз кучини йўқотади. Бундан буён бундай енгилликлар фақат қонун орқали берилган тақдирдагина амал қилади.

Шунингдек, экологик назорат органларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилмоқда. Экополиция ходимларига зарур ҳолларда жисмоний куч, махсус воситалар (электрошок қурилмалари) ва резина ўқли хизмат қуролларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Ходимларнинг спецформасига эса боди-камералар ўрнатилади, бу ўз навбатида шаффофлик ва тартибни таъминлайди.

Энг муҳим янгиликлардан бири бу аҳоли яшайдиган ҳудудлардаги дарахтлар билан қопланган, бироқ ўрмон фондига кирмайдиган ерларнинг олиб қўйилиши ёки бошқа мақсадларга ажратилишига тақиқ қўйиш ташаббуси билан чиқиш имкони жамоатчиликга яратилиши, ушбу тартиб 2026-йил 1-апрелдан амал қила бошлайди.

Фуқаролар бундай ташаббусни Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали кирита олади. Агар ушбу ҳудуд жойлашган маҳаллани ташкил етувчи аҳолининг 10 фоизи тақиқни қўллаб-қувватласа, Экология қўмитаси томонидан ушбу ернинг олиб қўйилишига ёки бошқа мақсадларга ажратилишига расмий равишда тақиқ қўйилади.

Бундан сўнг Кадастр агентлиги ернинг хусусий мулк эмаслиги ёки бошқа тоифадаги ерлар қаторига кирмаслигини ўрганиб чиқади. Агар барча талаблар бажарилган бўлса, тақиқ қайд этилиб, расмий рўйхатдан ўтказилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.