Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизматининг хабарига кўра 2025-йил 25–26 ноябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Bonds, Loans & ESG Capital Markets – CEE, Central Asia & Turkiye” форуми бўлиб ўтди. Унда 38 та давлатдан 1200 дан ортиқ капитал бозори иштирокчилари: инвесторлар, эмитентлар, банклар, рейтинг агентликлари, юридик ва молиявий консультантлар қатнашди. Форум доирасида бир қатор панел сессиялари ўтказилиб, уларда молия бозорларининг ривожланиши, ESG тамойилларини жорий этиш, давлат қарзи соҳасидаги сиёсат, корпоратив халқаро облигациялар бозорининг янги йўналишлари ва халқаро инвестиция оқимларида кузатилаётган тенденциялар муҳокама қилинди.
Форумнинг энг қизиқарли сессияларидан бири Ўзбекистонга бағишланди. “Янги Ипак йўли: Ўзбекистон сўнгги йиллардаги ўсишдан фойдаланиб, Марказий Осиёда етакчилик қила оладими?” мавзусидаги сессияда йирик халқаро инвестиция банклари ва молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Сессияда Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорлик, халқаро молия бозорларидаги фаол иштирок ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари атрофлича ёритилди. 2025-йилдаги мураккаб халқаро вазиятга қарамай, мамлакат иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатлари форум иштирокчилари томонидан юксак баҳоланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.