Касбий таълимда янги ислоҳотлар: сифат, бошқарув ва имкониятлар сари

Касбий таълимда янги ислоҳотлар: сифат, бошқарув ва имкониятлар сари


Ўзбекистон сўнгги йилларда таълим тизимини тубдан янгилаш, уни замонавий талаблар даражасига олиб чиқиш сари дадил қадамлар ташламоқда. Айниқса, касбий таълим тизимининг ривожи бугунги меҳнат бозорининг рақобатбардош кадрларига бўлган эҳтиёжни қондиришда муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Президентнинг 2025-йил 23-октабрда имзолаган “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–190-сон Фармони соҳада янги босқични бошлаб берди.

Мазкур фармон касбий таълимни такомиллаштириш, бошқарувда ягона сиёсат юритиш ва тизимни халқаро стандартларга мослаштиришни кўзда тутади. Йиллар давомида бу йўналишда мавжуд бўлган парокандалик, турли идоралар ўртасидаги узилишлар, ўқув дастурлари ўртасидаги тафовутлар эндиликда ягона марказ орқали мувофиқлаштирилади. Шу асосда Касбий таълим агентлиги ташкил этилмоқда.

Янги агентлик касбий таълим соҳасида ягона сиёсат юритувчи, ўқув дастурларини бошқарувчи ва давлат таълим стандартларига риоя этилишини назорат қилувчи марказий орган сифатида фаолият олиб боради. Бу дегани, энди касбий таълим тизими бошқарувда ягона тамойиллар асосида ишлайди, ҳар бир битирувчи эса ўз малакасини халқаро мезонларга мос даражада тасдиқлай олади.

Энг эътиборли жиҳатлардан бири — техникумлар ва ўқув марказлари битирувчиларига давлат намунаси асосида диплом ёки сертификат бериш ваколати энди бевосита Касбий таълим агентлигига юклатилади. Бу, бир томондан, адолатли баҳолашни таъминласа, бошқа томондан, таълим муассасаларининг масулиятини оширади. Ҳар бир диплом — бу фақат қоғоз эмас, балки эгасининг ҳақиқий билим ва кўникмаларини тасдиқловчи ҳужжатга айланади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати — жойларда Касбий таълимни ривожлантириш бўйича ҳудудий тадбиркорлар кенгашлари ташкил этилиши. Бу кенгашлар ҳокимлар раҳбарлигида ишлайди ва уларнинг таркибига йирик иш берувчилар, корхона раҳбарлари ҳамда вазирликларнинг маҳаллий бўлинмалари киритилади. Бундай ҳамкорлик касбий таълимни реал меҳнат бозори билан боғлайди: ўқув дастурлари энди бевосита иш берувчилар талабига мос равишда шакллантирилади.

Агар айтиш мумкинки, бу қарор таълим тизими билан ишлаб чиқариш ўртасидаги “кўприк”ни мустаҳкамлайди. Битирувчиларнинг бандлик даражаси ошади, корхоналар эса ўзларига керакли мутахассисни тўғридан-тўғри тайёр ҳолатда олади.

ПФ–190-сонли Фармон аслида бир нарса ҳақида аниқ сигнал беради: Ўзбекистон энди касбий таълимни стратегик йўналиш сифатида кўрмоқда. Бу йўл бошқарувда марказлашув, таълимда инноватсия ва меҳнат бозорида сифатли кадрлар сиёсатини таъминлашга хизмат қилади.

Шу боис, янги Касбий таълим агентлиги – бу оддий идора эмас, балки замонавий кадрлар тайёрлаш тизимининг юраги бўлиши кутилмоқда. Бу ислоҳот орқали Ўзбекистон халқаро тажрибаларга таяниб, ўзининг мустақил ва барқарор таълим моделини яратиш сари яна бир қадам ташлади.

Мирзо Улуғбек туман

ЮХКМ бошлиғи

Раъно Абдутахировна Асамова

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.