Зангиота туманида замонавий электр энергиясини 150 МВт (300 МВт соат) сақлаш тизими барпо этилади

Зангиота туманида замонавий электр энергиясини 150 МВт (300 МВт соат) сақлаш тизими барпо этилади

Тошкент вилояти Зангиота туманида энергетика соҳасини ривожлантиришга қаратилган яна бир йирик лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, қуввати 150 МВт (300 МВт•соат) бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, лойиҳа Хитой Халқ Республикасига тегишли “EAGLERISE DEVELOPMENT HK COMPANY LIMITED” компанияси иштирокида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида “Mega Energy Power TECH” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди ва у лойиҳа компанияси сифатида белгиланди.

Қарорга кўра, лойиҳа компанияси электр энергиясини сақлаш тизимини доимий равишда ишга тайёр ҳолатда ушлаб туриш, унинг барқарор ва ишончли фаолиятини таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Бу эса электр таъминотидаги юкламаларни самарали тартибга солиш, пик соатларда тизим барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида электр энергиясини сақлаш тизимини ягона электр энергетика тармоғига улаш учун зарур бўлган электр узатиш тармоқлари ва подстанция барпо этилади. Қурилиш ва ишга тушириш ишлари якунланганидан сўнг, мазкур инфратузилма “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти балансига топширилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш билан боғлиқ барча қурилиш ва ер ишлари, шунингдек, бино ва иншоотлар пойдеворларини лойиҳалаштириш нормалари тегишли битимларга мувофиқ халқаро стандартлар асосида амалга оширилади.

Зангиота туманида мазкур электр энергиясини сақлаш тизимининг барпо этилиши республика энергетика тизимининг барқарорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва замонавий энергия инфратузилмасини шакллантиришда муҳим қадам бўлади деб Энергетика вазирлиги хабар берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.