“Натижамдан жуда хурсандман. Саралаш босқичида тай-бреклар масаласида ҳам омад кулди. Энг муҳими, Топ 4 иштирокчилар қаторига киришнинг ўзи катта ютуқ. Финалга чиққанимдан мамнунман ва охиригача бор кучимни бердим. Ростини айтсам, ғалабага жуда оз қолди”, деди Абдусатторов.
Шунингдек, Нодирбек плей-офф формати ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, 8 нафар шахматчи плей-оффга чиққанида мусобақа янада қизиқарлироқ бўларди:
“Менимча, плей-офф босқичига 8 нафар шахматчи чиққанида, беллашувлар янада қизиқарлироқ бўлар эди. Сабаби топ 4 тизими баъзан жуда кескин ва бир оз тасодифий бўлади”.
Финалдаги бурилиш нуқталари ҳақида эса Нодирбек очиқ гапирди:
“Ўзимни яхши ҳис қилаётгандим. Иккинчи ўйинда Магнуснинг имкониятларини паст баҳоладим. Ўйин дуранг билан якунланиши мумкин эди, лекин рақиб жуда аниқ ўйнади. Охирги ўйинда ҳам вазият кескин эди: ташаббус учун пиёда қурбонлик қилдим, аммо кейин қандай йўл тутишни билмадим. Эндшпил менга бир оз қийинроқ эди ва у охирида ўз имкониятидан фойдаланди. Магнусни табриклайман”.
Маълумот учун, Нодирбек Абдусатторов ярим финал баҳсларида 15 очко билан 1-ўринда якунлаган ҳиндистонлик Аржун Эригаисига қарши баҳс олиб борди. Ўзаро қарама-қаршиликда ўзбекистонлик гроссмейстер 2,5:0,5 ҳисобида рақибидан устун келди ва финалга йўл олди. Ҳал қилувчи беллашувда эса 1,5:2,5 ҳисобида Магнус Карлсенга мағлуб бўлди. Шу тариқа норвегиялик гроссмейстер рапид ва блиц бўйича Жаҳон чемпионатининг ҳар икки йўналишида ғолиб бўлди. Нодирбек Абдусатторов кумуш медалга эга чиқди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.