Лойиҳанинг қиймати 310 миллиард сўмни ташкил этади. Кўприкнинг узунлиги 780 метр, кенглиги эса 29,8 метр бўлади. У тўртта ҳаракатланиш полосасига эга бўлиб, суткасига 25 мингтагача автомобилни ўтказиш имконини беради.
Кўприк фойдаланишга топширилгач, «Ширин» массивидан Самарқанд марказигача бўлган масофа 23 километрдан 4 километргача қисқаради. Йўлга сарфланадиган вақт эса 30 дақиқага камаяди.
Лойиҳа билан танишув давомида давлат раҳбарига техник ечимлар ва транспорт оқимини бошқариш имкониятлари тақдим этилди.
Шавкат Мирзиёев аҳоли вакиллари билан учрашувда Самарқандга сайёҳлар оқими ортиб бораётганини таъкидлаб, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.
«Агар лойиҳаларни пухта ишлаб чиқиб, логистикани оқилона ташкил этсак, аҳоли харажатлари ва йўлга сарфланадиган вақтни қисқартиришимиз мумкин. Ахир, шаҳар одамлар учун!» — деди Президент.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ушбу кўприк қурилиши кўп йиллик мақсадлардан бири бўлиб, лойиҳанинг амалга оширилиши шаҳарнинг транспорт қулайлигини ошириш, Самарқанд аҳолиси ва меҳмонлари учун янада қулай шароит яратишга хизмат қилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.