Давлат раҳбари «2025 йил халқ ҳаётида катта ўзгаришлар, эртанги кунга мустаҳкам ишонч ва улкан натижалар йили бўлганини» қайд этди.
«Дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, биз ўз олдимизга қўйган барча мақсад ва марраларга эришдик. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми илк бор 145 млрд доллардан ошди ва мамлакатимиз ўрта даромадли давлатлар қаторидаги ўрнини мустаҳкамлади», — деди президент.
Унинг таъкидлашича, иқтисодий ўсиш самараси одамлар ҳаётида, оилалар даромадида, маҳаллалар қиёфасида, ёшларнинг келажакка бўлган ишончида намоён бўлмоқда.
«Ўтаётган йилда ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда хурсандчиликлар, бахтли онлар кўп бўлди», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Давлати раҳбари «янги уйга кўчиб кирган, ўз бизнесини йўлга қўйган ёки кенгайтирган, даромади ошган, илм-фан, спорт, маданият ва бошқа соҳаларда ўзи ёки фарзандларининг ютуқларидан қувонган миллионлаб оилаларнинг шодлиги 2026 йилдаги мақсадларга эришиш йўлида катта куч беришини» қайд этди.
«Биз келгуси йилда ҳам ҳар бир оиланинг бахтли, фаровон ва соғлом ҳаёт кечириши, ёшларимизнинг сифатли таълим олишлари, келажак касбларини эгаллашлари ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун янги-янги имкониятларни ишга соламиз!» — деди у.
Янги йилда минглаб маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаб, уларга янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз. Барча иқтисодиёт тармоқларини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказамиз. Халқимизнинг даромади ва харид қобилиятини ошириш ишларини янада жадаллаштирамиз, деди давлат раҳбари.
Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, муҳтарам кексаларимиз, қадрли хотин-қизлар ва навқирон ёшларимизни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Экологияни яхшилаш, «яшил» энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича таъсирчан чораларни давом эттирамиз, деб таъкидлади у.
Президент «тажрибали маҳалла раислари ва фаоллари, зиёлилар, тадбиркорлар, серғайрат ёшлар, кенг жамоатчилик, ҳар бир ватандош ушбу олижаноб ишларга муносиб ҳисса қўшади» деб ишонмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.