«Менимча, сизнинг назарингизда ким эканимни айтишингиз керак. Бу менга ҳам қизиқ. Чунки ўзи менга фидбек беришаётгани йўқ», — деди у.
Ўзини энг кўп ким сифатида ҳис қилаётгани ҳақидаги аниқлаштирувчи саволга Мирзиёева тўғридан тўғри жавоб берди:
«Мен хизматчиман. Мен биринчи навбатда отамга хизмат қиламан, чунки у менинг ҳаётимдаги жуда катта фигура».
У отаси уни туғилганиданоқ мустақил шахс сифатида тарбиялагани ва унга шунга яраша муносабатда бўлганини айтди. Мирзиёеванинг фикрича, бу унинг узоқ кутилган, қолаверса, ҳам она, ҳам ота томонидан оиладаги илк фарзанд бўлгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳар икки томон ҳам унга ёш бола деб эмас, балки шахс сифатида қараган.
Саида Мирзиёева характерининг шаклланишида айнан отасининг ўрни катта бўлганини, уни масъулиятга ва қарор қабул қилишда қатъийликка ўргатганини таъкидлади. Оилада иерархияга риоя этиш ва катталарни ҳурмат қилиш қатъий қоида бўлган: унга синглиси Шаҳноза Мирзиёева ҳам «сиз» деб мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, бу оилада шаклланган муҳит ва тартиб-қоидаларнинг ифодаси бўлган.
«Дадам мени «Саида айтдими — тамом» деган руҳда шакллантирган. Ҳамма менга «сиз» деб мурожаат қиларди, ҳатто мендан бир ярим ёш кичик синглим ҳам. У мени доим «сиз»ларди… чунки тартиб шундай бўлганди. Ва мен англаб етдимки, ота-онамиз болалигимизданоқ бизни айнан шу иерархия, яъни «катта — бу бош, катта — бу муҳим» деган тартибда тарбиялаган экан. Айни дамда мен ўз ҳаётимни хизмат қилишга бағишлаяпман, десам бўлади. Мен шунчаки фойдам тегишини истайман. Ҳатто фарзандларимни ҳам айнан шу руҳда тарбиялаяпман», — деди у.
«Аслида, мана тўққиз йилдирки, мен ҳар куни эрталабдан кечгача у киши билан елкама-елкаман. Менинг шахсий ҳаётим йўқ ҳисоби. Куним администрацияда бошланади, иш тугаши билан эса уйга югураман. Дадам билан баъзан бирга қайтамиз. Баъзида эса мен уйга шошиламан, ҳамма неваралари бобосини кутиб олиши учун болаларни йиғаман».
«Биз масалаларни доим у билан муҳокама қиламиз, биз у билан доим ёнма-ёнмиз… Унда шундай фазилат бор — у одамларни ўстиришни билади. У шахсга жуда ҳурмат билан муносабатда бўлади ва унинг ўсиши учун ҳамма нарсани қилади».
Унинг сўзларига кўра, у отасини «кўпроқ ва яхшироқ» тушуна бошлаган. «Бу 10 йиллик тажриба, ҳа, менга эҳтимол донолик бергандир, лекин сабрни айнан у киши ўргатди. Мен ундан кўп нарсани ўргана бошладим. Ҳатто фарзандлар, неваралар тарбиясида ҳам», — деди у.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, президент «одамларни ўстиришни» билади.
«Мана, бир қарашда кичкинагина бола, Шавкатим (ўғли — таҳр.) билан қандай мулоқот қиляпти? Мен қараб туриб дейман — ё Худойим! Шахсни тарбиялашни биладиган инсон мана шунақа бўлади. Ва мана мени, жажжи қизчани, а? Бизнинг патриархал жамиятимизда нуфузли аёл бўлиш… Жуда қийин».
Мирзиёеванинг таъкидлашича, айнан отаси унинг камол топиши учун шундай шароит ярата олган: илк кунларданоқ уни ёнига олиб, жамоатчилик эътиборидан ва расмий мақомдан холи тарзда ўзи билан бирга олиб юрган. Айтишича, у доим отасининг ёнида бўлган, тинглаган, хулоса чиқарган, кўмаклашган ва қарорлар муҳокамасида қатнашган.
«У киши тинглашни билади ва ҳеч қачон шаштни қайтармайди. У: „Йўқ, сен ноҳақсан“, демайди. Ҳеч қачон. Мана шу — мен ўзлаштиришга уринаётган… мен ўрганаётган ҳайратланарли хислат», — деди Саида Мирзиёева.
«Бу жамоани ўзим танлайман. Ва ҳар бир инсон менинг ҳаётимда катта роль ўйнайди. Бу шунчаки ёлланган одамлар эмас — бу мен билган одамлар: қандай яшайди, ҳаётининг мазмуни нима, қандай орзулари бор».
Унинг сўзларига кўра, ходимлар ҳаётига дахлдор бўлиш ва уларни энг аввало шахс сифатида қабул қилиш у учун муҳим.
Саида Мирзиёева 1984 йил 4 ноябрда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (Тошкент) таҳсил олган, Тошкент давлат юридик университети ва Ломоносов номидаги Москва давлат университетини тамомлаган, иқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга.
2019−2020 йилларда Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари, сўнгра Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси васийлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. У 2023 йил август ойида президентнинг биринчи ёрдамчиси бўлиб иш бошлаган, 2025 йил июнь ойида эса давлат раҳбарининг фармони билан Президент администрацияси раҳбари этиб тайинланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.