«Қаттиққўллик эмас, мослашувчанлик ва донолик». Саида Мирзиёева — Ўзбекистон президентининг ислоҳотлари ҳақида

«Қаттиққўллик эмас, мослашувчанлик ва донолик». Саида Мирзиёева — Ўзбекистон президентининг ислоҳотлари ҳақида

Ислоҳотларга қаттиққўллик билан эришиб бўлмайди. Бунинг учун мослашувчанлик ва донолик зарур. Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Кирилл Альтманнинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида президент Шавкат Мирзиёевнинг иш услуби ҳақидаги саволга шундай жавоб берди.

«Қаранг, тўққиз йил ичида у қандай ислоҳотларни амалга оширди. Бунга қаттиққўллик билан эришиб бўлмайди. Мослашувчанлик ва донолик керак», — деди у отаси ҳақида.

Саида Мирзиёеванинг қўшимча қилишича, президент кутишни, сабр қилишни ва шу билан бирга жуда юқори маррани қўйишни билади, чунки туман ҳокимлигидан тортиб бош вазирликкача бўлган йўлни босиб ўтиб, бошқарув тизимини чуқур билади.

Оила ва тарбия ҳақида


Президент кўп йиллар давомида иш ва оилани қандай уйғунлаштиргани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Саида Мирзиёева фарзандлар доимо унинг ёнида бўлганини таъкидлади.

«Бўш вақти бўлдими — ё ўзи келарди, ёки бизни ўзи билан олиб кетарди. Сайёр тадбирларда ҳам биз доим ёнида бўлардик. Кичкина қизчалар — бу бўйича кўп видеолар бор. Мирзо Улуғбек туманида биз — икки қизалоқ — у кишининг ёнидамиз. Жиззахда ҳам доим биз билан бўлишга вақт топарди. Бизнинг ҳаётимизда фаол иштирок этган ва ҳозир ҳам этмоқда. Бу — ҳайратланарли».

Президент администрацияси раҳбарининг сўзларига кўра, тарбия фақат шахсий намуна орқали бўлади.

«Болаларни фақат намуна кўрсатиб тарбиялаш мумкин. Уларни бошқа йўл билан — энг зўр ўқитувчилар, энг зўр мактаблар билан — тўғри инсон қилиб тарбиялаб бўлмайди. Бу иш бермайди. Она, ота ва шахсий намуна — мана шу иш беради, тамом».

«Ватанни севиш керак — вассалом»


Президентдаги энергия манбаи ҳақидаги саволга жавоб бераркан, у бу саволни отасига тез-тез бериб туришини тан олди.

«Чунки менинг ўзим чарчаб қоламан, ахир мен у кишининг ёнидаман-ку. Жисмонан чарчайман, баъзан ҳаммасига қўл силтаб, қочиб кетгим келади. Уларнинг эса бу саволга жавоблари битта: «Ватанни севиш керак — қисқа ва лўнда. Ватанни севиш керак — вассалом».

Унинг сўзларига кўра, айнан шу нарса президентга интилиш учун туртки беради. «У қисқа вақт ичида имкон қадар кўпроқ натижага эришишни хоҳлайди».

«Масалан, мен чарчайман. Ёнимиздаги жамоа чарчайди. Лекин у кишида мана шу нарса бор… Менимча, бу қандайдир илоҳий хислат. Мен Худога, тақдирга ишонаман. Ишонаманки, Аллоҳ бизни ерга туширишдан олдин ўзи белгилаган мақсадларга эришишимиз учун бизни маълум хислатлар билан сийлайди. Мен Худо мақсадларни биз туғилишимиздан олдин белгилашига ишонаман. Ва сенинг KPI`ингга қараб, кейин сен билан ва сенинг руҳинг билан нима содир бўлиши ҳал бўлади», — деди Саида Мирзиёева.

У (Саида) тўққиз йил ичида қандай ўзгарди?


2026 йил январидаги ўзини 2016 йил январидаги ҳолати билан қандай солиштириши ҳақидаги саволга Саида Мирзиёева ўзгаришлар катта бўлганини айтди.

«Ортиқ сабрлироқман, менда сабр-тоқат кўпайди, импульсивлик (қизиққонлик) камайди. Мен буни катта ютуқ деб биламан». У вақт ўтиши билан воқеликларга кенгроқ миқёсда қарай бошлаганини қўшимча қилди.

«Дадам мамнун бўлишини хоҳлайман»


Ўзи ҳам шундай ролни ва шундай миқёсдаги масъулиятни хоҳлайдими, деган саволга Саида Мирзиёева шундай жавоб берди:

«Мен дадам мамнун бўлишини хоҳлайман. У киши эса қачонки барча орзулари амалга ошсагина бахтли бўла олади. Орзулари эса улкан, масштабли. Ва улар фақат ва фақат халқ билан боғлиқ».

Ота-онаси ҳақида


Саида Мирзиёева ҳар доим «характерли» инсон бўлганини ва етакчилик қобилиятларига эга эканини айтиб берди.

«Менинг характерим доим кучли бўлган, доим етакчиликка ва юқори мақсадларга интилганман. Дадам мени болалигимдан ўзини ҳурмат қилдирадиган шахс қилиб тарбиялаган. „Саида айтдими — тамом, бажарилиши керак“, деган гап бўларди. Шунинг учун ҳамма менга қулоқ соларди. Ҳатто ойим ҳам мен билан ҳисоблашади. Ойим ҳазиллашиб айтадиларки: „Сен туғилганингдаёқ танқидий кўз билан қарардинг. Гўёки туғилибоқ камчиликларимизни пайқаб, бизни яхшироқ қилишга уринаётгандек эдинг“», — деди у.

Ота-онаси ҳақида гапирар экан, Саида Мирзиёева онаси ва отасининг характеридаги фарқни мувозанат сифатида қабул қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, отаси — доминант эркак, онаси эса меҳр, муҳаббат ва харизмани ўзида мужассам этган кучли аёллик энергиясидир. Унинг фикрича, айнан шу нарса «идеал жуфтлик»ни ҳосил қилади.

Президент администрацияси раҳбари ўзининг кучли томонлари ҳақида гапириб, одамларни танлай олиш қобилиятини тилга олди: «Характеримнинг энг кучли қирраси? Мен одамларни танлашни биламан. Менимча, бу интуитив қобилият. Менимча, бу — истеъдод. Ишонаманки, туғилишимизда Худо мақсадларга эришишимиз учун бизни маълум истеъдодлар билан таъминлайди. Ва у менга мана шуни ҳадя этган ва мен ундан фойдаланаман».

Заиф томонлари ҳақидаги саволга Саида Мирзиёева «характерида ёмон қирралар» бор деб ҳисобламаслигини айтди. У ўзига нисбатан ўта талабчан эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу сифат бир вақтнинг ўзида ҳам ютуқ, ҳам камчилик бўлиши мумкин, чунки доимий ички назорат ва ўзи учун ўрнатган қатъий рамкалар билан яшаш баъзан осон эмас.

«Сарой интригалари»


«Сиз сарой интригаларига қандай қарайсиз? — деб сўради интервью давомида Кирилл Альтман. — Сир эмаски, бу ерда ҳам шунақа…»

«Эшитинг, бу — „сарой“ ҳаётининг бир қисми. Улар доим бўлган ва бўлади. Биз охиргиси ҳам, биринчиси ҳам эмасмиз. Бу — нормал ҳолат. Мана шу ерда донолик, характер ишга ярайди», — деди у.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.