Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда чоп этилган айрим илмий мақолаларнинг халқаро илмий маълумотлар базаларидан қайтариб олиниши (retraction) билан боғлиқ ҳолатлар кенг муҳокама қилинмоқда ва бу масалади Олий таълим, фан ва инновациалар вазирлиги расмий муносабат берди.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда халқаро илмий маълумотлар базаларида эълон қилинаётган илмий мақолалар сони 2017 йилдан бошлаб барқарор ва жадал ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Бу ҳолат олий таълим ва илм-фан соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар, тадқиқотчиларнинг халқаро илмий майдонга чиқиш имкониятлари кенгайтирилгани ҳамда илмий фаолиятни рағбатлантириш механизмлари жорий этилгани билан изоҳланади.
Хабар берилишича, 2017-йилдан кейин илмий маҳсулот ҳажмининг кескин ортиши фонида айрим мақолаларнинг қайтариб олиниши илмий тизимнинг жадал кенгайиши ва янги халқаро стандартларга мослашуви жараёнида кузатиладиган вақтинчалик номутаносибликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар халқаро амалиётда ҳам учраб, таҳририй назорат ва сифат текширув механизмлари ишлаётганини англатади.
Қайтариб олиш сабаблари таҳлили сўнгги йилларда ретракция қилинган мақолалар орасида илмий ҳалоллик (scientific integrity) билан боғлиқ ҳолатлар улуши ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Бу эса плагиатга қарши кураш чораларининг кучайтирилгани, маълумотларни текшириш талаблари оширилгани ҳамда илмий фаолиятда шаффофлик даражаси юксалаётгани билан боғлиқ.
Айрим олий таълим муассасалари кесимида келтирилаётган маълумотлар эса бутун миллий илм-фан тизимига нисбатан умумий хулоса чиқариш учун етарли асос бўла олмаслиги қайд этилмоқда. Чунки бундай таҳлилларда муассасаларнинг илмий фаолият ҳажми, тадқиқотчилар сони, халқаро ҳаммуаллифлик даражаси, журналлар таҳририятларининг мустақил қарорлари ҳамда ретракция бўйича қабул қилинадиган тартиб-таомиллар каби омиллар инобатга олинмаган.
Айни пайтда Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар сифатини ошириш ва илмий ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, илмий раҳбарлик институтига қўйиладиган талаблар қайта кўриб чиқилмоқда, ёш тадқиқотчилар учун илмий тадқиқот методологияси бўйича ўқув курслари такомиллаштирилмоқда, антиплагиат тизимлари ва таҳририй назорат механизмлари кучайтирилмоқда. Шунингдек, илмий фаолиятни баҳолашда миқдор кўрсаткичлари билан бир қаторда сифат мезонларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Танқидий чиқишларда кўтарилаётган масалалар мавжуд муаммоларга ишора қилса-да, уларни бутун миллий илм-фан тизимини салбий баҳолаш учун асос сифатида талқин қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Бугунги кунда Ўзбекистон илм-фанида асосий эътибор илмий фаолият ҳажмининг ўсишини сифат кўрсаткичлари билан мувозанатлаштириш, халқаро стандартларга мос тадқиқот муҳитини шакллантириш ва илмий ҳалолликни таъминлашга қаратилмоқда деб вазирлик хабарида таъкидланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.