2025-йилда йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар сони қисқарди, бироқ муаммо долзарблигича қолмоқда

2025-йилда йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар сони қисқарди, бироқ муаммо долзарблигича қолмоқда

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати статистикасига кўра, Ўзбекистонда 2025-йил давомида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 2188 нафар инсон вафот этган. Бу кўрсаткич 2024-йилда қайд этилган 2199 нафар ҳолатга нисбатан бироз камайган. Шу билан бирга, йўл-транспорт ҳодисаларида тан жароҳати олганлар сони 8901 нафарни ташкил этган бўлиб, ўтган йилда бу кўрсаткич 8931 нафар бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё миқёсида ҳар йили ўртача 1,1 миллион киши йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлади, 30 миллионга яқин инсон эса турли даражада жароҳат олади. Авариялар, айниқса, 29 ёшгача бўлган аҳоли ўлимига олиб келувчи асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисалари нафақат инсон ҳаёти ва соғлиғига, балки мамлакат иқтисодиётига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатади. Жароҳат олганларни даволаш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, инсонларнинг ҳалок бўлиши ёки ногирон бўлиб қолиши натижасида меҳнатга лаёқатли аҳоли улушининг қисқариши айрим давлатларда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик 3–5 фоизгача камайишига сабаб бўлган ҳолатлар мавжуд.

Таҳлиллар сўнгги беш йилда (2021–2025) Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари камайиш тенденцияси сақланиб қолганини кўрсатади. Бу ҳолат аҳоли сони ва транспорт воситалари миқдори сезиларли даражада ошганига қарамасдан кузатилмоқда. Хусусан, аҳоли сони 2021 йилдаги 35,2 миллион нафардан 2025 йилда 38,2 миллион нафарга етган, транспорт воситалари сони эса 3,8 миллионтадан 5,5 миллионтага ошган.

Шу билан бирга, ўтган беш йил давомида ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 6,9 тадан 5,7 тага, ҳар 10 минг транспорт воситасига нисбатан эса 6,3 тадан 4,0 тагача камайгани қайд этилган.

Таълим муассасалари атрофида ва маҳаллаларда хавфсизликни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари 2024 йилга нисбатан 171 тага ёки 9,6 фоизга камайган. Болалар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар эса 36 тага ёки 12,8 фоизга қисқарган.

2024 йил якунларига кўра, МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон ҳар 100 минг аҳолига нисбатан энг кам йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилган мамлакатлар рўйхатида Озарбайжондан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар кўрсаткичи бўйича эса мамлакат биринчи ўринда қайд этилган.

Маълумотларга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, авариялар ва уларнинг оғир оқибатларини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу тадбирлар мамлакатнинг хавфсизлик соҳасидаги халқаро кўрсаткичларини яхшилашда муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.