Қўмитанинг маълумотларга кўра, битта саноат корхонасини пойтахт ҳудудидан ташқарига кўчириш орқали йил давомида 226 тоннадан ортиқ зарарли ташламаларни қисқартириш имкони яратилади. Давлат дастурида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда Тошкент ва Нукус шаҳарлари, шунингдек, вилоят марказларидан асбест ва цемент саноати, чарм-пойабзал ҳамда паррандачилик ишлаб чиқаришлари, қора ва рангли металлургия, шунингдек энергия истеъмоли юқори бўлган бошқа тармоқларга мансуб корхоналарни кўчириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Хусусан, Тошкент шаҳрида ушбу талабларга жавоб берадиган 87 та корхона мавжуд бўлиб, уларни кўчириш жараёни мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик жараёнларни замонавий экологик стандартларга мослаштириш шарти билан босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида махсус комиссия томонидан саноат объектларида мунтазам рейд текширувлари ўтказилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида жойлашган Жанубий саноат зонасида иккилламчи рангли металларни йиғиш, қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Ўзавторсветмет” акциядорлик жамияти фаолияти ўрганилди. Ушбу корхона экологик хавфлиликнинг I тоифасига мансуб объект сифатида баҳоланади.
2025 йил октябрь ойида ўтказилган текширувлар натижасида атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб, корхонага мажбурий кўрсатма берилди. Етказилган экологик зарар учун 18 миллиард 91 миллион 717 минг 137 сўм миқдорида компенсация ҳисобланди.
Махсус комиссия қарори ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси кўрсатмаларига мувофиқ, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида корхонани Жиззах вилоятидаги саноат зонасига кўчириш ва Янгиҳаёт тумани ҳудудида ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатиш белгиланди.
Кўрсатилган компенсация имтиёзлари ҳисобидан эскирган ва экологик жиҳатдан зарарли эритиш печлари утилизация қилиниб, корхона фаолияти замонавий, экологик талабларга жавоб берадиган ва технологик жиҳатдан такомиллашган ускуналарда давом эттирилади.
Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар ҳажми йилига ўртача 226,7 тоннага камайиши кутилмоқда. Бу эса Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланишига хизмат қилиши таъкидланмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.