Янгиланган қоидаларга кўра, мобил алоқа абонентлари тариф режасини бепул ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, операторларга жисмоний шахсларда абонент тўловлари ва тариф хизматлари учун маблағ ечиш чоғида манфий баланс юзага келишига йўл қўйиш тақиқланади. Балансда маблағ мавжуд бўлмаган тақдирда рақамни ўчириш муддати икки ойдан бир йилгача узайтирилди.
Мобил рақамни кўчириш тартиби ҳам соддалаштирилди: хизмат кўрсатиш офисларида бу жараён 20 дақиқадан ошмайди, аввал эса у 8 иш соатини талаб қилар эди. Шу билан бирга, операторлар тариф шартларидаги ўзгаришлар ҳақида абонентларни камида 15 кун олдин хабардор қилиши шарт.
Ҳужжатда пуллик контент-хизматларини чеклашга алоҳида эътибор қаратилган. Энди бундай хизматлар фақат абонент розилиги билан — операторларнинг мобил иловалари ёки USSD-кодлар орқали уланади. Пуллик сервисларни автоматик улаш, шунингдек, бепул хизматларни абонент розилигисиз пуллик тартибга ўтказиш тақиқланади.
Бундан ташқари, абонентлар Президент виртуал қабулхонасининг «иссиқ линия»ларига бепул қўнғироқ қилиш имкониятига эга бўлади. Хизмат кўрсатиш пунктларига бориш имконияти бўлмаган фуқаролар учун эса, жумладан, чекка ҳудудларда яшовчиларга, хизматларни яшаш жойида кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.