Тошкентда яширин иқтисодиёт ҳажми 60 триллион сўмга етди

Тошкентда яширин иқтисодиёт ҳажми 60 триллион сўмга етди


Тошкент шаҳрида яширин ва кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми 60 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бу эса давлат бюджетига ҳар йили тахминан 7,5 триллион сўм маблағ кирмай қолаётганини англатади.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабарига қўра, аксиз солиғи тўловчилар томонидан ишлаб чиқариш ва реализация ҳажмларининг яширилиши натижасида 66 миллиард сўм солиқ тўланмасдан қолган. Шу билан бирга, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва солиқ маъмурчилиги соҳасида пойтахт солиқ органларининг фаолияти мутлақо қониқарсиз деб баҳоланди.

Жумладан, қўшимча қиймат солиғини тўлаши шарт бўлган қарийб 30 минг солиқ тўловчи ҚҚС бўйича бирор сўм ҳам тўламаган. Савдо, сервис ва умумий овқатланиш соҳаларида ўрнатилган касса аппаратларининг қарийб тўртдан бири амалда ишлатилмаётгани аниқланган.

Шунингдек, айрим солиқ органлари раҳбарлари солиқ тушумларини ошириш ўрнига қўштирноқ ичидаги “тадбиркор”ларга ҳомийлик қилиш билан банд экани танқид қилинди. Пойтахтда ўтказилган текширувлар давомида 70 миллиард сўм солиқ ҳисобланмасдан қолгани маълум бўлди. Сўнгги икки йил ичида Тошкент шаҳар солиқ идораларининг 19 нафар ходими коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарликка тортилган бўлиб, давлат бюджетига 27 миллиард сўм зарар етказилган.

Маълумотларга кўра, ўтган ҳафта Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Д. Усмонов лавозимидан озод этилди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. У инспекция биносининг бир қисмини шахсий мақсадларда ижарага бериб, 315 миллион сўм маблағни ўзлаштиргани, шунингдек, хизмат фаолиятида гуруҳбозлик ва маишатбозликка йўл қўйгани қайд этилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.