2025 йилда Ўзбекистонда бизнес муҳит таҳлили – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқоти

2025 йилда Ўзбекистонда бизнес муҳит таҳлили – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқоти

Йил давомида бизнес муҳит ижобий кўрсаткичлар оралиғида сақланиб қолди ва ўртача йиллик қиймати 57 баллни ташкил этди, бу эса Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолати ижобий эканини англатади.

Тошкент, 2026 йил 30 январь. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ҳар ой ўтказилган сўровномалар асосида 2025 йил учун бизнес муҳити индекси таҳлили натижаларини тақдим этди. Олинган маълумотлар асосида бизнес муҳитнинг жорий ҳолати ҳамда яқин уч ойга бўлган кутилмаларни ифодаловчи умумлаштирилган бизнес муҳити индикатори шакллантирилди.

Ўзбекистонда умумлаштирилган бизнес муҳити индекси динамикаси


2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда умумлаштирилган бизнес муҳити индекси ўртача 57 баллни ташкил этди (−100 дан +100 гача бўлган шкалада), бу 2024 йил кўрсаткичидан 7 фоизга юқори. Ўсиш асосан жорий ҳолат бўйича баҳоларнинг яхшиланиши ҳисобига таъминланди. Жумладан, бизнеснинг жорий ҳолати индекси ўртача йиллик қиймати 22 фоизга ўсиб, 47 баллга етди.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси 68 баллдан 66 баллгача бироз пасайган бўлса-да, етарлича юқори даражада сақланиб қолди. Бу эса жорий шароитларнинг умумий яхшиланиши фонида корхоналар томонидан келажак истиқболларига нисбатан маълум даражада эҳтиёткорлик мавжуд эканини акс эттиради.

Йил давомида бизнес муҳити жамланма индексининг динамикаси турлича кўринишга эга бўлди. Энг юқори кўрсаткич июнь ойида қайд этилиб, 63 баллни ташкил этган бўлса, энг қуйи кўрсаткич январда кузатилди ва 52 баллга тенг бўлди.

Индикаторнинг йил давомидаги тебранишлари ҳам мавсумий омилларни, ҳам бизнеснинг тез ўзгарувчан иқтисодий шароитларга мослашишини акс эттирди.

Шу билан бирга, йил якунига келиб корхоналар ўртасида юқори даражадаги оптимизм сақланиб қолди. Декабрь ойида бизнес муҳити индекси 58 баллни ташкил этиб, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2 баллга ўсиш қайд этилди.

Бизнес-иқлим индексининг тармоқлар ва ҳудудлар бўйича динамикаси

2025 йилда иқтисодиётнинг аксарият тармоқларида бизнес муҳитининг яхшиланиши кузатилди. Хизмат кўрсатиш соҳасида индекс 58 баллни ташкил этиб, 14,7 фоизга ўсди; қурилишда — 57 балл (+14,2 фоиз), саноатда эса — 54 балл (+6,8 фоиз) қайд этилди.

Қишлоқ хўжалигида индекс кўрсаткичи деярли ўзгаришсиз қолди ва 56 баллни ташкил этди. Бу ушбу секторда бизнес юритиш шароитлари бўйича аввалги баҳолашлар сақланиб қолаётганидан далолат беради.

Ҳудудлар кесимида ўртача йиллик бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан республиканинг 11 та ҳудудида ўсган. Шу билан бирга, 7 та ҳудудда индекснинг ўртача йиллик қиймати 57 баллни ташкил этди.

Йил якунларига кўра, бизнес муҳитининг энг сезиларли даражада яхшиланиши қуйидаги ҳудудларда кузатилди:

  • Қашқадарё вилоятида — кўрсаткич 27 фоизга ошди;
  • Жиззах вилоятида — 23 фоизга;
  • Хоразм вилоятида — 17 фоизга.

Қорақалпоғистон Республикасида ўсиш 19 фоизни ташкил этди.

Самарқанд вилоятида индекс бироз пасайганига қарамай, бизнес муҳитининг ўртача йиллик қиймати ижобий сақланиб қолди ва 51 баллни ташкил этди. Тошкент вилоятида эса кўрсаткич ўзгаришсиз қолиб, 44 балл даражасида қайд этилди.

Бизнеснинг нархлар динамикаси ва талаб бўйича кутилмалари


2025 йил якунларига кўра, тадбиркорлар орасида келгусида нархлар ўсишини қайд этганлар улуши йиллик ўртача 23 фоизни ташкил этди, бу эса 2024 йилдаги кўрсаткичдан 2 фоиз бандга паст.

Йил давомида инфляцион кутилмалар 18–27 фоиз оралиғида тебраниб турди ва энг юқори кўрсаткич апрель ойида, энг паст кўрсаткичлар эса сентябрь ва декабрь ойларида қайд этилди. Энг юқори нарх кутилмалари қишлоқ хўжалиги ва қурилиш сектори вакиллари орасида кузатилди, бу харажатларнинг ўзига хослиги ҳамда мавсумий ва об-ҳаво омиллари таъсири билан боғлиқдир.

2025 йилда Ўзбекистонда бизнес муҳит таҳлили – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқоти
Шу билан бирга, бозор шароитлари бўйича баҳолашлар етарлича юқори даражада сақланиб қолди. Ўртача 66 фоиз тадбиркорлар товар ва хизматларга талаб ортишини билдирган бўлса, 57 фоиз тадбиркорлар ишчилар сонини кўпайтиришни билдиришган. Умуман олганда, натижалар нархлар динамикасини мўътадил баҳолаган ҳолда, ишбилармонлик фаоллиги ва бандлик бўйича ижобий кутилмалар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Талаб ва бандликни баҳолаш


2025 йил учун бандлик индекси 43 баллни ташкил этди, бу эса 12 фоизлик ўсишга мос келади. Кўрсаткичнинг энг сезиларли ўсиши қуйидаги соҳаларда қайд этилди:
  • Хизмат кўрсатиш соҳасида — 14 фоиз;
  • Қурилишда — 17 фоиз;
  • Саноатда — 7 фоиз;
  • Қишлоқ хўжалигида — 11 фоиз.

Талаб индекси ҳам яхшиланишни кўрсатди. Ўртача йиллик қиймат 48 баллни ташкил этиб, 13 фоизга ўсди. Ўсишга энг катта ҳиссани хизмат кўрсатиш сектори қўшди (кўрсаткич 19 фоизга ошди), қолган тармоқларда — қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида эса талаб индекси мос равишда 6 фоиздан ошди.

Тадбиркорлик фаолиятидаги тўсиқлар


Йил давомида бизнес юритишдаги тўсиқларнинг босқичма-босқич камайиши кузатилди. Сўров натижаларига кўра, 60 фоиз тадбиркорлар бизнес юритишда қийинчиликларга дуч келмаганликларини билдиришган, бу 2024 йилга нисбатан 6 фоизга юқори.

Саноат соҳасида қуйидаги муаммолар камайди:

  • Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар — 4 фоизга;
  • Юқори солиқ ставкалари — 3 фоизга;
  • Молиялаштириш — 3 фоизга.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва қурилишда молиялаштириш билан боғлиқ тўсиқлар мос равишда 7 фоиз ва 5 фоизга сезиларли даражада қисқарди. Шикоятларнинг умумий камайишига қарамай, қурилиш ва саноатдаги тадбиркорлар асосий тўсиқ сифатида ҳали ҳам молиялаштиришни (ҳар бир тармоқда 11 фоиздан) кўрсатишмоқда.

Маълумот учун: Бизнес муҳитининг ўзгариши индикатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилган ўзгаришларни баҳолайдилар.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.