Жавоҳир Синдаров: «Бу — мамлакатимиз учун улкан муваффақият»

Жавоҳир Синдаров: «Бу — мамлакатимиз учун улкан муваффақият»

Tata Steel Chess Tournament Masters 2026 якуний турида Жавоҳир Синдаров ғалабага эришиб, турнирни 8,5 очко билан якунлади. У Masters гуруҳида мағлубиятсиз ўйнаган ягона шахматчи бўлди ва якунда иккинчи ўринни эгаллади.

— Турнирни ғалаба билан якунлаганимдан жуда хурсандман. Бугун жуда яхши ўйнадим. Албатта, блиц тай-брейкка чиқиш имкони бўлмагани бироз ачинарли, лекин барибир жуда бахтлиман — айниқса дўстим Нодирбек учун. У бунга чин дилдан лойиқ эди. Бу ерда тўртинчи бор ўйнади ва олдин доим иккинчи ёки учинчи бўлган, энди эса ниҳоят турнирни ютди. У ажойиб мусобақа ўтказди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кучли шахматчилар кўпайиб бораётгани ҳақида гапирар экан, Жавоҳир бу ютуқлар федерация қўллаб-қувватлови билан боғлиқлигини айтди:

— Бундай йирик турнирда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаш — мамлакатимиз учун улкан муваффақият. Бу федерациянинг бизни қандай қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади. Айнан шу ёрдам туфайли биз бундай натижаларга эришяпмиз.

Кеча Прагнанандҳаа билан партияда дебютдаёқ юришлар такрорига рози бўлгани кўпчиликни ҳайратга солган эди. Синдаров бу қарорни шундай изоҳлади:

— Ростини айтсам, мен бу вариантни шунчаки унутибман. Назария жуда катта эди ва муҳим сўнгги тур олдидан дурангга рози бўлиб, бугунги партияга яхшироқ тайёрланиш имконини олдим. Бугун дебютда жуда ишончли ўйнадим ва деярли вақт сарфламадим.

Турнирдаги энг севимли партиялари ҳақида сўралганда, у икки учрашувни алоҳида ажратди:

— Ғалабалар орасида энг ёққани — Блюбаумга қарши матч. Дуранглар ичида эса Гукешга қарши партия: ўша ўйинда позициям ҳақиқатан ҳам ютқазилган эди, лекин жуда яхши ҳимояландим. У компьютердек ҳужум қилди, аммо мен бардош бердим.

Якуний савол — кейинги режалар ҳақида бўлди:

— Навбатдаги турнир — ўн кундан кейин бўладиган Freestyle Chess бўйича жаҳон чемпионати. Биринчи ўринда, аввало дам оламан. Турнир жуда оғир бўлди, кучимни тиклаб, кейин яна максимал натижа учун ҳаракат қиламан.

Манба: https://t.me/uzchesss

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.