Ҳисобот даврида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,8 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,4 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,8 фоизга қимматлашган.
Инфляцияга асосан айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши таъсир кўрсатган. Жумладан, булғор қалампири, банан, қовоқ, лимон, узум, олма, картошка, сабзи, шунингдек қўй ва мол гўшти, товуқ тухуми, парранда гўшти ҳамда биринчи навли буғдой уни нархларида ўсиш кузатилган. Шу билан бирга, помидор ҳамда гуруч маҳсулотлари нархининг пасайиши инфляция суръатларини бироз чеклаган.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида пропан, қимматбаҳо металлардан ясалган никоҳ узуклари ва АИ 92 маркали бензин нархининг ошгани қайд этилди. Хизматлар соҳасида эса шахсий транспорт воситаларини суғурталаш, мобил алоқа, сартарошхона хизматлари ва такси йўл ҳақи нархларининг ўсиши асосий омил бўлган.
Маълум қилинишича, 2026 йил январидан истеъмол нархлари индекси янгиланган услубиёт асосида ҳисобланмоқда. Ҳисоб-китоблар давомида 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан қарийб 1,2 миллионта нарх қайд этилган. Жами 419 турдаги товарлар ва 98 турдаги хизматлар нархи мунтазам кузатувга олинган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.