Ўзбекистон делегацияси қишки Олимпиаданинг очилиш маросимида иштирок этди

Ўзбекистон делегацияси қишки Олимпиаданинг очилиш маросимида иштирок этди

Ўзбекистон делегацияси 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди. Унда шорт-трек бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Даниил Ейбог делегация байроқдори вазифасини бажарди.

Ўзбекистон делегацияси ушбу нуфузли мусобақа учун жами 4 та Олимпия йўлланмасини қўлга киритган. Дмитрий Чигирев ва Екатерина Гейниш фигурали учиш спортининг жуфтлик баҳсларида, Медет Назаров тоғ чанғиси спортининг слалом ва гигант-слалом йўналишларида, Даниил Ейбог эса шорт-трекнинг 500 метр масофасида Олимпия лицензиясига эга бўлган.

Бироқ тайёргарлик жараёнида Дмитрий Чигирев жароҳат олиб, Олимпия ўйинларига қадар тўлиқ тиклана олмади. Шу сабабли Ўзбекистон спортчилари Милан–Кортина–2026 мусобақаларида тоғ чанғиси ва шорт-трек йўналишларида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, қишки Олимпия ўйинлари 2026 йилнинг 6–22 февраль кунлари Италиянинг Милан ва Кортина-дъАмпеззо шаҳарларида бўлиб ўтади.

Ушбу мусобақа Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан 25-бор ташкил этилмоқда. Айрим йўналишлар бўйича беллашувлар 4 февралдан бошланган.

Милан ва Кортина-д’Ампеззо шаҳарлари томонидан берилган қўшма ариза 2019 йил июнь ойида бўлиб ўтган Халқаро Олимпия қўмитасининг 134-сессиясида ғолиб деб топилиб, Швециянинг Стокгольм ва Оре шаҳарлари таклифини ортда қолдирди. Милан–Кортина–2026 ўйинлари тарихда илк бор расман икки шаҳар томонидан биргаликда мезбонлик қилинадиган Олимпиада бўлади.

Мусобақаларнинг асосий муз турлари Миланда ўтказилади. Қолган беллашувлар эса Кортина, Валтеллина ва Фиэмме водийлари атрофидаги кластерларда ташкил этилади. Ушбу мусобақа Италия мезбонлик қиладиган учинчи қишки Олимпия, ҳамда умумий ҳисобда тўртинчи Олимпия ўйинлари бўлади. Аввалроқ Кортина-д’Ампеззо 1956 йилги қишки Олимпия ўйинларига мезбонлик қилган.

2026 йилги Олимпия ўйинлари дастурида илк бор тоғ чанғиси алпинизми спорт тури Олимпия дастурига киритилган. Шунингдек, бу ўйинлар ХОҚ президенти Кирсти Ковентри раҳбарлиги остида ўтказиладиган илк Олимпиада ҳисобланади.

Манба: daryo.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.