Ўзбекистон шахмати тарихида ушбу мусобақада илк маротаба қатнашаётган Жавоҳир Синдоров қуръа натижасига кўра 1-рақам остида таснифланди. Унга кўра, Синдоровга 29 март куни бўладиган баҳсда россиялик Андрей Есипенко рақиблик қилади. Мусобақа 14 турдан иборат бўлиб, шахматчилар ўзаро икки марта (оқ ва қора доналарда) тўқнаш келишади. Мусобақа ғолиби Жаҳон чемпионлиги учун амалдаги тож соҳиби, ҳиндистонлик Гукеш билан ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритади.
1-турнинг барча жуфтликлари (эркаклар, 29 март):
Жавоҳир Синдоров — Андрей Есипенко;
Маттиас Блубаум — Вей Йи;
Прагнанандҳа — Аниш Гири;
Фабиано Каруана — Ҳикару Накамура.
Қуръага кўра, бир мамлакат шахматчилари (масалан, АҚШ вакиллари Каруана ва Накамура) ўзаро келишилган ўйинларнинг олдини олиш мақсадида турнирнинг дастлабки турларида тўқнаш келиши белгиланган.
Шунингдек, шу кунлари аёллар ўртасидаги Номзодлар турнири ҳам ўтказилади. Унда уч нафар Ҳиндистон ва икки нафар Хитой вакиллари иштирок этаётгани сабабли қуръа жараёни махсус чекловлар билан ўтказилди. FIDE қоидаларига кўра, бир мамлакат шахматчилари ўзаро келишилган ўйинларнинг олдини олиш учун турнирнинг биринчи ярмида барча ўзаро учрашувларини якунлаши шарт.
1-турнинг барча жуфтликлари (аёллар, 29 март):
Чжу Жинер — Тан Чжунйи;
Александра Горячкина — Катерина Лагно;
Ваишали Рамешбабу — Бибисара Ассаубаева;
Ҳумпи Конеру — Дивя Дешмуҳ.
Маълумот учун, Жавоҳир Синдоров Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича Жаҳон Кубоги бош совринни қўлга киритиб, Номзодлар турнири йўлланмасини қўлга киритган эди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.