Оролбўйининг Марсни эслатувчи ландшафтларида глэмпинглар ташкил этилади

Оролбўйининг Марсни эслатувчи ландшафтларида глэмпинглар ташкил этилади

20 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган йиғилишда Қорақалпоғистонни ривожлантириш ва республикада янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Оролбўйининг Марсни эслатувчи ландшафтларида глэмпинглар ташкил этилади

Иқтисодиёт ва инвестициялар


Қорақалпоғистон ўзининг кенг ҳудуди ва фойдали қазилма захиралари билан улкан иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга, дейилади хабарда. Минтақада 270 миллион тонна цемент, 256 миллион куб метр қурилиш ва пардозбоп тошлар, 200 миллион тонна оҳак, 31 миллион куб метр керамзит, 30 миллион куб метр қурилиш қумлари, 27 миллион куб метр ғишт хомашёси, 6,9 миллион тонна шиша, 6,5 миллион тонна гипс, 4,3 миллион тонна вермикулит захиралари аниқланган.

Республика иқтисодиёти саккиз йил олдин Ўзбекистондаги энг охирги ўриндан ҳозирда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда еттинчи ўринга кўтарилди. Кейинги беш йил ичида иқтисодиётни 102,5 триллион сўмга етказиш (2025 йилда — 54,3 триллион сўм) ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган кўрсаткични 51 миллион сўмга етказиш, шунингдек, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Саноат маҳсулотлари экспорти 4 фоиздан 30 фоизгача ошди. Экспортнинг умумий ҳажми 2016 йилга нисбатан 3,5 баравар кўпайиб, 2,1 миллиард долларга етди. Барча имкониятларни ишга солиб, саноат, хизматлар ва туризм экспортини 900 миллион долларга етказиш муҳимлиги таъкидланди (2025 йилда 435 миллион доллар бўлган).

Қорақалпоғистонга киритилаётган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2,5 баравар ошириш мақсад қилиб қўйилди (2025 йилда бу кўрсаткич 2,5 миллиард долларни ташкил этди).

Йиғилишда маблағлар ва инвесторларни жалб қилиш учун соғлом муҳит, қулай шароитлар, адолатли ва шаффоф тизим зарурлиги таъкидланди. Шаҳарлар, туманлар ва қишлоқлар ўртасидаги масофалар узоқлигини инобатга олган ҳолда, ҳар бир туманнинг қиёсий устунликларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Жорий йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағаллик даражасини эса 3,2 фоизгача тушириш, шунингдек, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, шароити «оғир» деб таснифланган Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманлари ҳамда 90 та маҳаллада камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартириш вазифаси қўйилди.

Президент инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудга аввал берилган имтиёзлар муддатини узайтириш бўйича таклифни қўллаб-қувватлади.

Оролбўйининг Марсни эслатувчи ландшафтларида глэмпинглар ташкил этилади
Ўзбекистон вазирлари.

Саноат ва қишлоқ хўжалиги


Йиғилишда Қорақалпоғистон учун ишлаб чиқилган йирик инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинди.
  • Сунъий интеллект соҳаси учун Тахиатош туманида модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини ташкил этиш;
  • Нукус шаҳрида автомобиль саноати учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технологик кластер барпо этиш, базальт толаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, чиқиндиларни куйдириш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш;
  • Қораўзак туманида кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси;
  • Тахтакўпир туманида пахта тозалаш ва йигириш фабрикаси;
  • Чимбой туманида ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидан.

Қорақалпоғистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ер ресурсларидан фойдаланиш даражаси паст деб қайд этилди. Бугунги кунда мавжуд майдонларнинг атиги 2,5 фоизида деҳқончилик қилинади, қолган 16 миллион гектар ердан эса деярли фойдаланилмаяпти, дейилади хабарда.

Маҳаллий иқлимга мос келадиган янги экин турларини топиш, уларни етиштириш бўйича илмий-амалий тажрибалар ўтказиш, шунингдек, фармацевтика саноатида талаб юқори бўлган қурғоқчиликка ва шўрга чидамли доривор ўсимликларни катта майдонларда етиштириш орқали экспортни ошириш бўйича вазифалар қўйилди.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг яйловлардан самарали фойдаланиш ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича алоҳида ўринбосари лавозимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Жорий йилда 10 минг гектар яйловни қайта тиклаш, сунъий интеллект асосида ўсимликлар мониторингини олиб бориш, касалликларни барвақт аниқлаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Бу йил Қўнғирот, Чимбой, Беруний, Бўзатов ва Қонликўлда чорва озуқасини етиштириш, сақлаш ва қадоқлаш лойиҳалари ишга туширилади. Беруний туманида йилига 36 минг тонна чорва ва балиқ учун озуқа ишлаб чиқариш қувватига эга замонавий агромажмуа фойдаланишга топширилади.

Оролбўйининг Марсни эслатувчи ландшафтларида глэмпинглар ташкил этилади
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев.

Туризм ва инфратузилма


Туризмни Қорақалпоғистон ривожланишининг асосий драйверларидан бирига айлантириш режалаштирилмоқда. Жорий йилда республикага 500 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий туристни жалб қилиш вазифаси қўйилди. Минтақанинг туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида таниқли туроператорлар учун қўшимча имтиёзлар берилади.

«Борса келмас» туз кони ҳудудида туристик-рекреацион зона ташкил этилади, Оролбўйи ва Устюрт платосида Марс сайёраси манзарасини эслатувчи нуқталарда глэмпинг (гламур кемпинг — қулай шароитларда дам олиш) зоналари барпо этилади.

Орол денгизи тарихи музейи денгиз қуриши оқибатларини бутун дунёга намойиш этиш учун замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда модернизация қилинади.

2027 йил якунига қадар Қўнғиротда халқаро стандартларга жавоб берадиган, «қуруқ порт» мақомига эга Орол логистика марказини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилда Қорақалпоғистондаги инфратузилма лойиҳалари учун 150 миллиард сўм ажратилади, кейинги йилларда марказлаштирилган ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 2,2 триллион сўм йўналтирилади.

Ичимлик суви ва канализация тармоқларини қуриш, сув тақсимлаш ва тозалаш иншоотлари, шунингдек, йўллар қурилиши лойиҳаларига 200 миллион доллар маблағ жалб этилади.

Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими


Интеллектуал лойиҳалар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни жорий этишни Қорақалпоғистондан бошлашга қарор қилинди. Ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказида IT университет ва стартаплар учун технопарк ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, сунъий интеллектни ривожлантириш учун 5 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда маълумотларни қайта ишлаш, булутли сервислар ва ҳисоблаш марказлари имкониятларидан фойдаланишни 10 бараварга ошириш кўзда тутилмоқда.

Қорақалпоғистонда қиймати 1 миллион долларлик 10 та стартап-лойиҳани бошлаш ва бу мақсадлар учун Илм-фан ва инновациялар жамғармасидан ҳар йили 30 миллиард сўм ажратиш бўйича топшириқ берилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.