24 февраль куни Тошкент шаҳрида Беларус Республикаси ҳукумати делегациясининг ташрифи доирасида Ўзбекистон–Беларусь ишбилармонлар кенгашининг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Беларусь Савдо-саноат палатаси раиси Михаил Мятликов, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда ишбилармонлар кенгаши тадбиркорлар ўртасида шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва амалий масалаларни тезкор ҳал этишда самарали платформага айлангани таъкидланди.
Йиғилишда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, тўқимачилик ва чарм-пойабзал, мебелсозлик ҳамда ёғочни қайта ишлаш соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Тармоқ комиссиялари доирасида янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида машинасозлик ва агротехника, енгил саноат, фармацевтика, қурилиш, озиқ-овқат саноати, биржа савдоси ва логистика соҳаларини қамраб олган 12 та ҳужжат имзоланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.