Мурод Узоқов: Сув — умумий қадрият, самарали бошқарув мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни талаб қилади

Мурод Узоқов: Сув — умумий қадрият, самарали бошқарув мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни талаб қилади

Жорий йилнинг 25–26 март кунлари Тошкент шаҳрида «Тошкент сув ҳафталиги – 2026» халқаро форуми бўлиб ўтди.

Форум ҳукумат, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хусусий сектор, илмий ва эксперт-таҳлилий ҳамжамият вакилларини бирлаштиргани билан алоҳида аҳамият касб этди. Асосий муҳокамалар иқлим ўзгариши ва инфратузилмага тушаётган юклама ортиши шароитида сув ресурсларини бошқаришда технология ва инновацияларни жорий этиш масалаларига бағишланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маркази раҳбари Мурод Узоқов таъкидлашича, иқлим билан боғлиқ таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда сув ресурсларини самарали бошқариш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш умумминтақавий устувор вазифага айланмоқда.

«Сўнгги йилларда табиий, антропоген ва техноген жараёнлар таъсирининг кучайиши кузатилмоқда, бу эса минтақанинг сув-иқлим мувозанатига салбий таъсир кўрсатмоқда», — деди у. Унинг сўзларига кўра, бундай тенденциялар минтақадаги давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, экологик фаровонлиги ва хавфсизлиги учун жиддий таҳдидлар туғдиради.

Ҳозирги шароитда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш ва ҳамкорликни кучайтириш зарурати ортиб бормоқда. Шу билан бирга, ўзаро манфаатли ечимларни ишлаб чиқиш учун сиёсий ишонч муҳити шакллангани қайд этилди.

Бундан ташқари, чегара ҳудудларидаги сув хўжалиги объектлари бўйича баҳсли масалаларнинг аксарияти аллақачон ҳал этилган, трансчегаравий дарёлардан сув олиш режими ва ҳажмлари келишиб олинмоқда.

Шунингдек, минтақада қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мисол сифатида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг Қамбарота ГЭС — 1 қурилиши ҳамда Норин дарёсининг сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳамкорлиги келтирилди.

Марказий Осиё мамлакатлари сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга ва сув ҳамда энергетика соҳалари ўртасида мувозанатга эришишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Шу муносабат билан, Ўзбекистонда замонавий сув тежовчи технологиялар жорий этилган суғориладиган ер майдони 2,6 миллион гектарга (умумий майдоннинг 60 фоизи) етгани қайд этилди. Таqqослаш учун, 2017 йилгача бу кўрсаткич атиги 19 минг гектарни ташкил этган. Бу чора-тадбирлар натижасида ҳар йили тахминан 2,5 миллиард куб метр сув тежалмоқда.

Мурод Узоқов таъкидлашича, «минтақавий сув ҳамкорлигида Афғонистон алоҳида ўрин тутади ва бу йўналишда катта истиқболлар мавжуд». Шу муносабат билан афғон ҳамкорлар билан ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув билан боғлиқ ҳолатни мониторинг қилиш, инновацияларни жорий этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва кадрлар тайёрлаш каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Эксперт сўзининг якунида сув ресурсларини бошқариш самарадорлиги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва бирлашган ҳаракатларни амалга оширишга бевосита боғлиқ экани таъкидланди. Ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқотлар минтақанинг сув хўжалигига илғор тажрибаларни жорий этиш имконини беришига ишонч билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, форум Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ташаббуси билан Сув хўжалиги вазирлиги кўмагида ўтказилди. Асосий ташкилотчилар қаторидан Iteca Exhibitions, ТИҚХММИ, Прогрессив ислоҳотлар маркази ҳамда бошқа етакчи миллий илмий-таълим ва таҳлилий институтлар ўрин олган. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти стратегик шерик ҳисобланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.