Мусобақанинг 11-турида Синдаров қора доналарда АҚШлик Фабиано Каруана билан баҳс олиб борди. Йўқотадиган нарсаси қолмаган Фабиано ҳамюртимизга босим уюштиришга ҳаракат қилди. Жавоҳир эса аниқ юришлар орқали ҳимоялана олди. Натижада 58-юришга келиб шахматчилар дурангга имзо чекишди. Ушбу натижа эвазига Жавоҳир 8,5 очко билан турнир жадвалидаги пешқадамлигини сақлаб қолди.
Ушбу турда барча ўйинлар дуранг билан якунланди. Синдаров энг яқин таъқибчиси, нидерландиялик Аниш Гирини 2 очкога ортда қолдирмоқда.
Ўзбекистонлик шахматчи эртага АҚШлик Хикару Накамурага қарши оқ доналарда ўйнайди. Ватандошимиз 12-турда ғалаба қозониб, Гири очко йўқотса, Синдаров муддатидан аввал турнир ғолибига айланади.
Эслатиб ўтамиз, 15 апрелга қадар давом этадиган ушбу турнир ғолиби амалдаги Жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши шахмат тожи учун кечадиган баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. 700 минг АҚШ доллари миқдоридаги соврин жамғармасига эга мусобақа икки даврадан (14 та тур) иборат.
Манба: stadion.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.