Номзодлар турнири. Жавоҳир Синдоров Накамура билан дуранг ўйнади

Номзодлар турнири. Жавоҳир Синдоров Накамура билан дуранг ўйнади

Кипрда ўтказилаётган шахмат бўйича 2026-йилги Номзодлар турнири ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров учун муваффақиятли давом этмоқда. Мусобақанинг 12-турида Синдоров дунёнинг энг кучли шахматчиларидан бири Ҳикару Накамурага қарши дона сурди.

Ушбу баҳс 33-юришдаёқ дуранг натижа билан якунланди. Мазкур натижа эвазига Жавоҳир турнир жадвалидаги пешқадамлигини мустаҳкамлади. Айни пайтда Синдоров 9 очко билан 1-ўринни эгаллаб турибди. У энг яқин таъқибчиси Аниш Гиридан 2,5 очко олдинга ўтиб олди. Бироқ нидерландиялик шахматчи хитойлик Вей Ига қарши баҳсда ҳозирча кичик устунликка эга.

Агар Аниш Гири бугун Вей Ига мағлуб бўлса, Синдоров мусобақа якунига 2 тур қолганда ғолибликни қўлга киритади.

Умуман олганда, ўзбекистонлик шахматчилар орасида илк бор Номзодлар турнирида қатнашаётган Синдоров мусобақани ҳали ҳам мағлубиятсиз давом эттирмоқда.

15-апрелга қадар давом этадиган мазкур турнир ғолиби амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши шахмат тожи учун кечадиган баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. 14 турдан иборат мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 700 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Манба: www.daryo.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.