Жавоҳир турнир ҳали расман якунланмаган бўлса-да, асосий вазифа бажарилганидан мамнунлигини яширмади:
“Жуда хурсандман. Турнир ҳали тугамади, лекин ғалабани олдиндан таъминлаганимдан хурсандман. Агар бугун мағлуб бўлганимда, кун жуда оғир ўтган бўларди. Турнир давомида яхши ўйин кўрсата олдим деб ўйлайман”.
Гроссмейстер турнир давомида Ўзбекистондаги мухлисларнинг меҳри ва эътиборини доим сезиб турганини таъкидлади:
“Кеча оилавий чатимизга Тошкент кўчаларидаги мониторларда акс этган расмимни юборишганида ҳайрон қолдим. Бутун Ўзбекистон турнирни кузатаётганини ўшанда янада чуқурроқ ҳис қилдим. Ҳар бир турда бу қўллаб-қувватлашни сезиб турдим. Бунинг учун барчага раҳмат айтаман”.
Синдаров ўз муваффақияти ортида турган жамоаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Маълум бўлишича, унга уч нафар секундант (ёрдамчи гроссмейстер) кўмаклашган:
“Биттаси шу ерда (Кипрда) эди, қолганлари онлайн тарзда ёрдам беришди. Мураббийим Роман Видоняк билан кўпроқ кўникмалар ва психология устида ишлаймиз. Жамоамиз жуда зўр, лекин ҳозирча ҳаммасини очиқлай олмайман, чунки олдинда жаҳон чемпионлиги учун баҳс кутиб турибди”.
Жавоҳир Номзодлар турнирини ютиш учун фақат билим эмас, балки омад ҳам кераклигини тан олди:
“Бундай турнирларда ғалаба қозониш учун бир оз омад ҳам керак. Биринчи турдаги омадли юриш бутун мусобақани ўзгартириб юборди. Фабиано Каруанага қарши ва биринчи турдаги партиялар жуда оғир кечди. Ҳиндистонлик Прагг (Прагнанандҳа) ва Фабиано Каруана билан бўлган ўйинларим менга алоҳида ёқди”.
Шахматчи ўз қувончини биринчи бўлиб яқинлари билан бўлишишини ва олдинда уни янада масъулиятли баҳс кутаётганини айтди:
“Ҳозир энг аввало оиламга қўнғироқ қиламан. Бу лаҳзаларни улар билан бўлишишни хоҳлайман. Эндиги мақсадим — жаҳон чемпионлиги учун баҳсда максимал даражада яхши ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониш”.
Эслатиб ўтамиз, Жавоҳир Синдаров Номзодлар турнири якунланишига 1 тур қолганда ғолибликни расмийлаштирди. У 13-турдан кейин 9,5 очко билан энг яқин таъқибчиси Аниш Гирини 2 очкога ортда қолдирди. Ушбу муваффақият якунида ўзбекистонлик гроссмейстер нафақат турнир ғолиблигини, балки амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши шахмат тожи учун кечадиган баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.