Мурожаатда қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда маданият ва санъат соҳасини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маданий муассасаларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда, кадрлар салоҳияти ривожлантирилмоқда, замонавий бошқарув усуллари ва рақамли технологиялар жорий этилмоқда. Театрлар, музейлар, кино ва оммавий тадбирлар орқали маданий хизматлар сифати оширилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби, шунингдек, 5 та ихтисослашган олий таълим муассасаси ташкил этилди. Шу билан бирга, 125 та тарихий-маданий объектда реставрация ишлари амалга оширилди.
Йирик лойиҳалар қаторида Тошкент шаҳрида янги Миллий музей биноси қурилиши, Марказий кўргазмалар зали ва бошқа муҳим маданий майдонларни модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам кучайтирилди: ўтган йилда 35 нафар маданият ходими уй-жой билан таъминланди, иш ҳақи ўртача 35 фоизга оширилди.
Ўзбекистон халқаро маданий майдондаги иштирокини ҳам фаол кенгайтирмоқда. 2025 йилда мамлакатда ЮНЕСКО Бош конференцияси сессияси Самарқандда ўтказилди, Бухорода биринчи Халқаро замонавий санъат биенналеси ва Нукусда Арал маданий саммити ташкил этилди.
Миллий санъатнинг халқаро майдондаги ютуқлари ҳам алоҳида қайд этилди. Жумладан, Австриянинг Зальцбург шаҳридаги Grosses Festspielhaus саҳнасида “Лазги. Руҳ ва муҳаббат рақси” балети премьераси бўлиб ўтди, Musikverein концерт залида эса Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган опера намойиш этилди.
Президент таъкидлаганидек, маданиятни ривожлантириш нафақат маънавий, балки иқтисодий аҳамиятга ҳам эга. Хусусан, 2030 йилга қадар креатив иқтисодиёт улушини ялпи ички маҳсулотда 5 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу мақсадга эришиш учун Креатив индустриялар паркини ташкил этиш ва ижодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Якунда давлат раҳбари маданият соҳаси ходимларининг иқтидори ва фидойилиги туфайли миллий маданият янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.