«Қўшнингизнинг дунёга ёпилиши сизни ҳам камбағалроқ қилади» — иқтисодчилар Асқар Акаевга жавобан

«Қўшнингизнинг дунёга ёпилиши сизни ҳам камбағалроқ қилади» — иқтисодчилар Асқар Акаевга жавобан

Қирғизистон биринчи президенти Асқар Акаев томонидан Ўзбекистон биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг иқтисодий сиёсати тўғрисида билдирилган фикрлар экспертлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари орасида муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Акаев, жумладан, Ислом Каримовнинг ёпиқ иқтисодий сиёсати қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон тадбиркорлари учун имкониятлар яратганини таъкидлаган. Унинг фикрича, агар Ўзбекистон мустақилликдан кейинги 25 йилликда Шавкат Мирзиёев давридагидек дунёга очилганида, қирғиз тадбиркорлари ўзбек бизнеси билан рақобатлаша олмаган бўларди.

«Қирғизларнинг савдо-сотиқни ўзлаштириб олгани мени ҳайрон қолдирган. Бу жуда катта муваффақият эди. Бу, менимча, қирғизларнинг қобилиятли, мослашувчан эканини кўрсатади. Очиғини айтсам, 90-йилларда, президентлик давримда бунга шубҳа билан қараганман. Қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштира олармикан, ўзбеклар билан рақобат қила олармикан, деб кўп ўйлардим. Чунки менга бозор иқтисодиётига ўтиши билан ўзбек биродарларимиз бутун Марказий Осиёни забт этиб, бошқариб юборадигандек туюларди. Сабаби, улар бунга совет давридаёқ тайёр эдилар», — дея таъкидлаган собиқ президент.

Акаевнинг фикрича, Марказий Осиёнинг ҳамма давлатлари Ислом Каримовдан миннатдор бўлиши керак, чунки у «ўзбекларни Ўзбекистон ичида дунёдан ажратиб қўйган» ҳамда шу орқали қирғиз ва қозоқ тадбиркорларининг имкониятларини кенгайтирган. «Шунинг учун ҳам мен Қирғизистонда Ислом Каримовга ҳайкал қўйган бўлардим. Чунки у бизга йўл очиб берди, қирғизлар бозор механизмларини ўзлаштирди. Агар рақобат бўлиб, Ислом Каримов ҳам ҳозирги Мирзиёевдек дунёга очилганида, биз улар билан рақобат қилолмасдик», — дея хулоса қилган Асқар Акаев.

«Қўшнингизнинг дунёга ёпилиши сизни ҳам камбағалроқ қилади»


Асқар Акаевнинг бу баёнотидан сўнг қатор иқтисодчилар Ўзбекистоннинг «ёпилиши» қўшни давлатларга фойда келтиргани қай даражада ҳақиқатга яқин экани борасида ўз фикрларини билдиришди.

Хусусан, иқтисодчи Миркомил Холбоев бу саволга аниқ рақамлар ва таҳлилларга таяниб жавоб беришга уринган. Унинг фикрича, бу фикрлар бир томондан тўғри — Ўзбекистоннинг ёпиқ сиёсати амалда ўзбекистонликларни камбағаллаштирди. Лекин қўшни Қозоғистон ёки Қирғизистон Ўзбекистоннинг ёпиқлигидан фойда кўргани тўғрисидаги фикр ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Мамлакатлар ўртасидаги савдода бир давлатнинг бойиши иккинчи давлатни камбағалроқ қилиб қўймайди. Чунки савдони юзага келтирадиган асосий куч бу — нисбий устунлик. Яъни Ўзбекистон ҳамма нарсани Қирғизистондан арзонроқ ишлаб чиқарган тақдирда ҳам, Ўзбекистон билан савдо қилиш Қирғизистонга фойда олиб келади», — дея тушунтиради Миркомил Холбоев.

Иқтисодчи келтирган маълумотларга кўра, 1995 йилда Қирғизистон жами экспортининг 17,2 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган. Ўзбекистондан импорт эса мамлакат жами импортининг 17 фоизини ташкил этган. Ўша вақтда Ўзбекистон Қирғизистоннинг товарлар импортида Россия ва Қозоғистондан кейинги, экспортида эса Россиядан кейинги энг йирик ҳамкори бўлган.

Кейинчалик Ўзбекистондаги ёпиқлик сиёсати натижасида икки давлат ўртасидаги савдо деярли ўсмаган, деб ёзади Холбоев. Масалан, 1995 йилда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товарлар айланмаси 160 млн долларни ташкил этган бўлса, орадан 20 йил ўтиб — 2016 йилга келиб бу кўрсаткич бор-йўғи 35 млн долларга ёки 195 млн долларгача кўпайган. Бу ўтган 20 йиллик давр мобайнида икки давлат ўрасидаги товарлар айланмаси бор ёғи 21,9 фоизга ўсгани, йиллик ўсиш 1 фоиздан ҳам камроқ бўлганини англатади. 2017 йилдан кейинги даврда эса икки давлат ўртасидаги савдо беш баробарга ўсган, айни пайтда хизматларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, иқтисодчига кўра, ўсиш бундан ҳам юқори бўлган.

Ўзбекистоннинг ёпиқлиги Қирғизистонга ўсиш имконини берган бўлса, мамлакатнинг ҳозирги очиқлик сиёсати қўшни давлатнинг иқтисодий ўсишига зарар етказдими, деган саволга Миркомил Холбоев «йўқ», деб жавоб беради.

Иқтисодчининг таҳлилларига кўра, 1996−2016 йилларда Қирғизистонда ўртача реал иқтисодий ўсиш 4,6 фоизни ташкил этган. Жон бошига номинал даромадлар эса йилига ўртача 5,3 фоизга ўсган. 2017 йилдан кейинги даврда дунёга очилган Ўзбекистон минтақадаги рақобатда Қирғизистонни сиқиб чиқариб, ундаги ўсишнинг пасайишига сабаб бўлмаган.

«2017 йилдан кейин Қирғизистонда ўртача реал иқтисодий ўсиш 7,4 фоизгача, жон бошига номинал даромадларнинг ўсиши эса 11,4 фоизгача тезлашган. Яъни Қирғизистоннинг тарихдаги энг юқори ўсиш кузатилган йиллари айнан Ўзбекистон дунёга қайта очилган йилларида юз берган. Шу жумладан, Қирғизистондаги юқори ўсиш Ўзбекистонни ҳам камбағалроқ қилиб қўймаган. Масалан, 1996−2017 йилларда мамлакатимизда жон бошига даромад ўртача 5,1 фоизга ўсган бўлса, 2017 йилдан кейинги даврда ўсиш 7,4 фоизгача тезлашган», — дея таъкидлайди Миркомил Холбоев.

Шу ўринда иқтисодчи, ўсишнинг тезлашиши қисман минтақавий қулай шарт-шароитлар билан ҳам изоҳланишини айтади. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан савдо муносабатлари ва одамлар ҳаракатини юмшатиши Ўзбекистоннинг ўзига ёки Қирғизистонга зарар етказмаган. Бордию шундай бўлганда, бу қайсидир жабҳада, одамлар ҳаётида ёки иқтисодий ўсишда кўзга ташланаётган бўлиши керак эди. Лекин ҳар икки давлатда ҳам ҳозирда умуман тескари — ижобий тенденция кетмоқда.

«Савдо умуман давлатлар ўртасидаги қўшничилик алоқалари шундай ишлайдики, унда бир давлатнинг ёпилиши ёки ўсишининг секинлашиши иккинчи давлатга фойда келтирмайди, балки зарарига ишлайди. Қўшниларнинг бир-бирига чегараларни очиши эса икки давлатда ҳам ўсишни тезлаштиради. Агар мустақилликдан кейинги даврда Ўзбекистон дунёга „ёпилмаганда“, катта эҳтимол билан, Ўзбекистон ҳам, Қирғизистон ҳам ҳозиргидан бойроқ бўлиши мумкин эди, — дейди иқтисодчи. — Агар кимдир Ўзбекистоннинг „ёпилиши“ Қирғизистонга фойда берган деса, билингки, улар давлатлар ўртасидаги савдо қандай ишлашини тушунишмайди».

Асқар Акаевнинг юқоридаги фикри билан савдони эмас, инвестиция ёки логистика масалаларини назарда тутган тақдирда ҳам, Миркомил Холбоевнинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг ёпилишидан амалда бутун минтақа ютқазган.

«Минтақа мустақилликдан кейин худди ҳозиргидек интеграциялашганда, Қирғизистон кичикроқ пирогнинг каттароқ улушига эмас, каттароқ пирогдан улушга эга бўларди. Бу эса кичикроқ пирогдаги улушдан, табиийки, йирикроқ бўлар эди. Агар қўшнингиз ва асосий ҳамкорингиз дунёга ёпилса, билинг-ки, бу сиз учун яхши янгилик эмас. Чунки қўшнингизнинг ёпилиши сизни ҳам камбағалроқ қилади», — дея хулоса қилади у.

Миркомил Холбоевнинг мулоҳазаларини иқтисодчилар Беҳзод Ҳошимов ва Отабек Бакиров ҳам қўллаб-қувватлаган. Хусусан, Беҳзод Ҳошимов қўшни мамлакатдаги тараққиётдан ҳамма ютишини таъкидлайди.

«Қўшни мамлакат ривожланса — ҳаммага яхши. [Бунинг] иккита талаби бор: биринчиси — қўшни билан яхши сиёсий муносабат, иккинчиси — очиқ чегаралар. Шунинг учун, ўйлайманки, Каримовнинг иқтисодий қарорлари нафақат Ўзбекистонни қашшоқлаштирди, балки бошқа қўшниларимизга ҳам зарар келтирди», — деб ёзади иқтисодчи.

Отабек Бакиров эса Асқар Ақаев сўнгги пайтларда қилган чиқишларида кўпинча ўз президентлик даврини идеаллаштиришга уринаётганини таъкидлайди.

«Қирғизистон ёпиқ Ўзбекистон туфайли ютқазганини айнан Ўзбекистон билан чегара ҳудудлар энг камбағаллигича қолгани, очиқ Қозоғистон билан чегара ҳудудларда эса даромадлар нисбатан юқори эканлигидан ҳам кўрса бўлади. Шу билан бирга, собиқ президент Асқар Акаевнинг охирги интервьюларида янграётган ва бошқа риторикасини сиёсий, яъни иқтидордаги даврини нисбий идеаллаштириш ва оқлаш контекстида кўриш керак», — дейди у.

Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ёзишича, у бундай мазмундаги фикрларни қўшни мамлакатлар вакилларидан кўп эшитган.

«Мен бу фикрни қўшни мамлакатлар тадбиркорлари, амалдорлари ва оддий одамларидан кўп эшитганман. „Каримовга раҳмат, сизларни „бўғаётгани“ учун. Акс ҳолда, бутун бозорларимизни товар-хизматларингиз билан тўлдириб ташлардингиз. Сиз ўзбеклар жудаям уддабуронсизлар-да“, дейишади», — дея қайд этган у.

Шу ўринда мутахассис Ўзбекистонда конвертациянинг ёпилгани минтақадаги бутун молиявий оқимлар қўшни мамлакатларга йўналишига олиб келгани, буюм бозорларининг ёпилиши ортидан Қозоғистон бозорларига ўзбеклар томонидан талаб ошгани, хусусий бизнесга чекловлар ўзбек тадбиркорларининг Қозоғистонда кўплаб бизнеслар очишига сабаб бўлганига ишора қилинган бир латифани мисол келтириб ўтган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.