Кудбиевнинг аксессуари муҳокамаси у йиғилишлардан бирида кўриниш берганидан кейин бошланди. Блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари соатни люкс модел (тахминларга кўра Vacheron Constantin Overseas ёки Breguet Marine) сифатида идентификация қилиб, унинг нархини 50 минг долларга баҳолашди.
«Давлат хизматчиси ким? У халқ тўлаётган солиқлар ҳисобидан ойлик оладиган, рўзғор тебратадиган ва ҳар бир тийини учун ҳисоб бериши шарт бўлган шахс. Шу маънода, Кудбиевнинг соати нархи, унинг манбаси суриштирилиши „шахсий ҳаётга аралашиш“ эмас, балки коррупцияга қарши иммунитетни текширишдир», — деди Сафаров.
Журналист тизимли муаммога — амалдорларнинг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилишнинг ишловчи механизми мавжуд эмаслигига эътибор қаратди.
Журналист соат Кудбиевнинг 2024 йил декабрь ойида вафот этган отаси Давлат Кудбиевдан қолган мерос экани ҳақидаги тахминларга таянди.
«Мерос муқаддас ва у нархи билан ўлчанмайди. Лекин муаммо шундаки, Кудбиев бу вазиятда изоҳ бермаслик йўлини танлади. Оқибатда у одамлар кўзига бу соатни мерос сифатида эмас, балки „халқ ризқи“ ҳисобидан таққан амалдор сифатида кўриниб қолди. Муаммо тизимда. Очиқлик улар учун мажбурият эмас, хоҳиш иши бўлиб қоляпти», — дея таъкидлади журналист.
Муҳокамалар бошланганидан бир ҳафта ўтиб, Шерзод Кудбиев видеомурожаат эълон қилди ва унда жавобнинг кечикиши иш ҳажмининг кўплиги ҳамда «стресс» билан боғлиқлигини айтди.
«Илёс акам Сафаров бир пост чиқарибдилар — таҳлил, танқид. Лекин, фикримча, жуда ўринли бўлган… Биринчи навбатда, тўғри, бу соат менга жуда қадрли соат, кўп нарсани эслатади. Лекин қандай бўлишидан қатъий назар, давлат хизматчиси, авваламбор, камтар бўлиши керак», — деди қўмита раҳбари.
Кудбиев амалдорлар касбий этикага, айниқса, оммавий тадбирлар ва йиғилишларда қатъий амал қилишлари зарурлигига қўшилди.
«Шунинг учун [давлат хизматчиси], айниқса, йиғилишларда, мана шундай учрашувларда касбий этикага қатъий риоя қилиб, авваламбор, камтарлик билан ўзининг хизматчи бўлганини яна бир бор кўрсатиб бориши керак деб ўйлайман. Бу менга шахсан катта хулоса бўлди ва келгусида фақат шу яхшилик йўлида, ватанимиз равнақи йўлида ишлаймиз деган ва мана шунга амал қиламиз деган фикрдаман. Катта раҳмат ҳаммага», — дея хулоса қилди у.
Президент фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, уларнинг турмуш ўртоқлари ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ишга тушиши керак эди.
2021 йил 13 ноябрда қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди. 2022 йил август ойида Акмал Бурханов қонун лойиҳаси ва давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизими тайёр эканини қайд этган. Кейинроқ у қонун лойиҳаси халқаро ташкилотларнинг эътирозлари туфайли такомиллаштирилаётганини қўшимча қилганди.
2024 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Gazeta`га даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси деярли тайёр эканини — у вазирлик ва идоралар билан келишилгани ҳамда Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтганини маълум қилган.
2025 йилнинг март ойида президент даромадларни декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун қисқа муддатларда эълон қилиш ва уни 1 апрелга қадар кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берганди, бироқ бу ҳам амалга ошмади.
2025 йилнинг апрель ойида Gazeta давлат хизматчиларининг декларацияларида маълумотларнинг 6 та тоифасини ошкор қилиш мажбурий этиб белгиланиши режалаштирилаётганини, яна 20 тасини эса ёпиқ қолдириш таклиф этилаётганини аниқлаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.