Тошкентда румин ҳайкалтароши Константин Брынкушга бағишланган фотокўргазма очилади

Тошкентда румин ҳайкалтароши Константин Брынкушга бағишланган фотокўргазма очилади


Руминия элчихонаси ташаббуси билан 2026 йил 21 апрель куни Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида “Тыргу-Жиу шаҳридаги «Қаҳрамонлар йўли» монументал ансамбли. Константин Брынкушга (1876–1957) таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан ҳурмат ифодаси” номли фотокўргазманинг очилиши бўлиб ўтади.

Константин Брынкуш модернизмнинг пионери ва XX асрнинг энг нуфузли ҳайкалтарошларидан бири бўлиб, у «замонавий ҳайкалтарошликнинг отаси» деб ҳам аталади. Мазкур тадбир Тасвирий ва амалий санъат халқаро фестивали доирасида ўтказилади.

Кўргазма Ўзбекистон Республикасидаги Руминия элчихонаси томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Кўргазма Руминиянинг Тыргу-Жиу шаҳрида жойлашган «Қаҳрамонлар йўли» монументал ансамблини акс эттирувчи 21 та фотосуратдан иборат. Ушбу ансамбль Константин Брынкуш томонидан 1937–1938 йилларда Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига бағишлаб яратилган.

Кўргазма 2026 йил 21 апрелдан 28 апрелга қадар давом этади. Кириш бепул.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.