Теннис бўйича “Катта дубулға” турнирларининг 24 карра ғолиби Новак Жокович 860 ҳафта (16 йилдан кўпроқ вақт) давомида ATP рейтингининг юқори бешлигида бўлиб, янги рекорд қайд этди. Аввалги рекорд Рожер Федерерга тегишли эди (859 ҳафта). Кучли учликни испаниялик Рафаэль Надаль якунлаб берган (837 ҳафта).
Жокович ушбу давр мобайнида рейтингда қуйидаги ўринларни эгаллаган:
1-ўрин: 428 ҳафта
2-ўрин: 171 ҳафта
3-ўрин: 165 ҳафта
4-ўрин: 59 ҳафта
5-ўрин: 37 ҳафта
Маълумот ўрнида, Жокович сўнгги учта «Masters» сериясига кирувчи турнирларни ўтказиб юборди. Қайд этилишича, у мусобақалар графигини оптималлаштириш мақсадида айрим турнирларда қатнашмасликка қарор қилган.
Ҳозирда 38 ёшли Жокович ATP рейтингида 4-ўринни эгаллаб турибди. У фаолияти давомида 101 та титулни қўлга киритган бўлиб, улардан 24 таси “Катта дубулға” турнирлари ҳисобланади (эркаклар ўртасидаги рекорд натижа). Шунингдек, у 2024 йилги Париж Олимпиадасининг олтин, 2008 йилги Пекин Олимпиадасининг бронза медали соҳиби ва Дэвис кубоги (2010) ғолиби бўлган. Сербиялик теннисчи жаҳоннинг биринчи ракеткаси сифатида ATP рейтингини бошқариш бўйича ҳам мутлақ рекордчи ҳисобланади.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.