Йиғилишда саноат ва экспорт масалалари ҳам кўриб чиқилди. Қамаши, Қарши, Миришкор, Арнасой, Шароф Рашидов, Янгиобод, Навбаҳор, Косонсой, Қумқўрғон, Фурқат, Шовот, Шайхонтоҳур, Сергели туманлари саноат режасига чиқа олмагани танқид қилинди.
Ушбу 13 та туман ҳокимига режага қанча етмаганига қараб, интизомий жазо чорасини кўриш топширилди.
Ички бозорда мис таклифи кўпайтирилган бўлса-да, қайта ишлаш ойига 6 минг тоннадан ошмаётгани кўрсатиб ўтилди. Оқибатда биринчи чоракда электротехника соҳасида саноат ўсиши прогноздаги 11,2 фоиз ўрнига 7,8 фоизга, экспорт режаси бор-йўғи 57 фоизга бажарилди.
Электротехника экспорти учун 100 миллион доллар ресурс бериб, айланма маблаққа гаровсиз кредит ажратиш имконияти яратилди. Лекин бирорта банк ушбу шартларда кредит ажратмаганига эътироз билдирилди.
Мутасаддиларга ишлаб чиқариши, экспорти камайган ҳар бир корхонага бориб, экспортини молиялаштириш, инвестиция лойиҳаси бўйича қандай масаласи бўлса, жойида ҳал қилиш топширилди.
Умуман, иккинчи чорак якуни билан соҳада ишлаб чиқаришни 25 триллион сўмга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Аввалроқ Нурафшон шаҳри ҳамда Ғузор, Нарпай, Урганч, Янгийўл ва Чиноз туманлари ҳокимларининг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши хабар қилинганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.