«Ким қандай нафас олаётганини кўриб, билиб турибман». Президент ҳокимлардан кафолат хатлари олди

«Ким қандай нафас олаётганини кўриб, билиб турибман». Президент ҳокимлардан кафолат хатлари олди

Президент Шавкат Мирзиёев 24 апрель куни ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда давлат раҳбари асосий иқтисодий кўрсаткичлар бўйича аниқ натижаларни таъминлашни талаб қилди ва уларнинг ижроси учун шахсий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар беришича, одатда бу каби учрашувларда ҳудудлардан туриб масофавий тарзда иштирок этадиган вилоят ҳокимлари ва соҳа раҳбарлари бу гал пойтахтга йиғилди.

«Ким қандай нафас олаётганини кўриб, билиб турибман». Президент ҳокимлардан кафолат хатлари олди
Шуҳрат Абдураҳмонов.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов учрашув формати давлат раҳбари олдида шахсан ҳисобот бериш зарурати туфайли ўзгартирилганини таъкидлади:

«Бундай йиғилишларда биз вилоятнинг ўзида туриб қатнашардик. Бу сафар бошқачароқ бўляпти. Сабабики, шахсан ҳурматли президентимиз олдида, кўз-кўзга тушиб рақамларни белгилаймиз, ҳисобот берамиз. Бу ерда масъулият ва жавобгарлигимизни ҳис қилган ҳолда кафолат билан қайтамиз».

Телеканал маълумотларига кўра, деярли барча тармоқ раҳбарлари ҳам залда ҳозир бўлган. Ҳар бир кўрсаткич бўйича нафақат рақамлар, балки уларга эришишнинг аниқ механизмлари талаб қилинган.

«Ким қандай нафас олаётганини кўриб, билиб турибман». Президент ҳокимлардан кафолат хатлари олди
Планшет ёнидаги бир даста қоғоз — бу ҳокимларнинг кафолат хатлари.

Президент столидаги тайёрлаб қўйилган ҳужжатлар — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ярим йиллик ҳамда йил якунига қадар аниқ вазифаларни бажариш мажбуриятини олган кафолат хатлари алоҳида эътиборни тортди.

Давлат раҳбари мутасаддиларни хотиржамликка берилмаслик бўйича жиддий огоҳлантирди.

«Замон, иқтисодиёт ва одамлар талаби кун сайин ортиб боряпти. Йилнинг учдан бир қисми ўтиб бўлди. Афсуски, айримлар ҳали уйғонгани йўқ, мудраб ўтирибди. Ким қандай ишлаяпти, қандай нафас оляпти, ким қуруқ креслони эгаллаб, ислоҳотлар ижросини чўзяпти — ҳаммасини кўриб, билиб турибман. Лекин арқонни узун ташлаб қўйяпман», — деди у.

«Кимда-ким ҳотиржамликка берилса, хато қилади. Сизларни чақирганим шундаки, бир нарсани билинглар, такрор-такрор айтаман: замонга муносиб ҳаракат қилганимиз учун дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг байроғини, халқини таний бошлади. Бу баландпарвоз гап эмас. Бугун мажлиснинг мақсад-муддаоси: сизлар — бу ерда ва вилоятда ўтирган ҳар бир раҳбар масъулият ва жавобгарликка тортадими ёки йўқми?», — дея савол қўйди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилиш давомида ҳокимларга энергетика, транспорт, туризм, саноат ва инвестициялардан тортиб, инфляцияни жиловлаш ҳамда истеъмол саватидаги маҳсулотлар нархини барқарорлаштиришгача бўлган кенг масштабли йўналишлар бўйича натижадорликни таъминлаш топширилди.

«Ким қандай нафас олаётганини кўриб, билиб турибман». Президент ҳокимлардан кафолат хатлари олди
Ботир Зарипов. Фото: Президент матбуот хизмати

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳудуд асосий кўрсаткичлар бўйича аниқ мажбуриятларни ўз зиммасига олганини маълум қилди:

«Жорий йил якунига қадар ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишини 9,2%, саноат ўсишини эса 9% даражасида таъминлаш бўйича мажбурият олдик. Бундан ташқари, камбағаллик ва ишсизлик даражаси 2% дан, инфляция эса 6,5% дан ошиб кетмаслигини таъминлаш чораларини белгилаб олдик».

Унинг қўшимча қилишича, озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, картошка, гўшт ва бошқа маҳсулотлар етиштиришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

«Ким қандай нафас олаётганини кўриб, билиб турибман». Президент ҳокимлардан кафолат хатлари олди
Хайрулла Бозоров.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, ўз навбатида, ҳозирги мураккаб шароитда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш устувор вазифага айланганини қайд этди.

«Энг асосийси — ҳозирги мураккаб шароитда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланди. Агар ўтган йили вилоятга 2,7 млрд доллар инвестиция жалб қилинган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткични 4,3 млрд долларга етказишни мақсад қилганмиз», — деди вилоят маъмурияти раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ҳудудда экспорт ҳажмини 2 млрд долларга етказиш ва янги бозорларга чиқиш, шунингдек, бизнес ва инвесторлар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш кўзда тутилган.

«Энди ижро органларининг вазифаси — ушбу топшириқлар ижросини сифатли ва самарали таъминлаш. Мен Фарғонада президентимиз томонидан белгиланган кўрсаткичларга нафақат эришиш, балки улардан ошириб бажаришга ваъда бердим», — дея таъкидлади Бозоров.

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон иқтисодиёти 8,7% га ўсди, дея маълум қилди президент. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг қайд этишича, ислоҳотларнинг янги босқичи бошланганидан буён бирор марта биринчи чоракдаги ўсиш 7% дан ошмаган эди. «Ишламай, қуруқ ойлик олиб ўтирганлар ҳам ишлаганлар билан „битта поездда кетяпти“», — деди давлат раҳбари.

Шу билан бирга, президент огоҳлантирганидек, агар инфляция тезлашишда давом этса, иқтисодий ўсиш аҳоли ва бизнес учун сезиларли самара бермайди. У маҳаллий маҳсулотлар таклифини кўпайтириш, гўшт импортини кенгайтириш ва логистикадаги узилишларни бартараф этиш ҳисобига нархлар ўсишини 6,5% доирасида ушлаб туришни топширди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.