Швейцария суди Гулнора Каримовага нисбатан ишни тугатди

Швейцария суди Гулнора Каримовага нисбатан ишни тугатди

Швейцария Федерал жиноят суди Ўзбекистоннинг собиқ президентининг қизи Гулнора Каримовага нисбатан пул ювиш иши бўйича жараённи унинг судда иштирок этиши имконсизлиги сабабли тўхтатди. Бу ҳақда Swissinfo хабар бермоқда.

Судьялар ишни тугатиш ҳақидаги қарорни эълон қилар экан, айбланувчининг Швейцарияга келишини таъминлаш учун барча имкони бор қадамлар ташланганини таъкидлади. Хусусан, 2024 йилнинг август ойида суд вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, Каримованинг жараёндаги эҳтимолий иштирокини муҳокама қилиш учун мамлакат Олий суди билан учрашув ўтказган, бироқ бу натижа бермаган. Хабарда айтилишича, 2026 йилнинг январь ойида Ўзбекистон суди тегишли сўровни узил-кесил рад этган.

«Швейцария Федерал жиноят суди томонидан бугунги ишнинг мижозимиз Гулнора Каримова фойдасига тўхтатилиши амалда Швейцария ҳуқуқига кўра оқловга тенгдир», — деб баёнот берди унинг адвокати Грегуар Манжа Reuters агентлигига.

Швейцария прокуратураси Каримованинг «ўнг қўли» ва унинг номинал вакили деб ҳисоблаган иккинчи айбланувчига нисбатан ҳам иш тўхтатилди. Суд бу ҳолатда ҳам процессуал тўсиқ мавжуд деган хулосага келди, бироқ бунинг сабаблари бошқача.

Федерал жиноят суди айбланувчи ўзига нисбатан чиқарилган халқаро ҳибсга олиш ордерлари туфайли Беллинцонадаги суд жараёнига кела олмаслигини аниқлади.

Ахборот хизматининг ёзишича, назарий жиҳатдан у муҳожирликда бўлиб турган Россиядан келиши мумкин эди, бироқ 2022 йилдан бери икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар мавжуд эмас. Уларнинг яқин орада — ҳеч бўлмаганда унга қўйилган айбловлар бўйича 2027 йил июнь ойида даъво муддати тугагунга қадар — тикланиши кутилмаяпти.

Натижада у ҳибсга олиниш хавфи мавжуд бўлган учинчи давлат орқали келишга мажбур бўларди. Суд унинг даъво муддати тугагунга қадар жараёнда иштирок этиши имконсизлигини тан олди, бу эса суриштирувни давом эттириш учун доимий тўсиқ бўлиб хизмат қилади.

Шу билан бирга, суд ишнинг бир қисми тўхтатилиши жараён якунланганини англатмаслигини таъкидлади. Lombard Odier активларининг собиқ бошқарувчиси ва банкнинг ўзига нисбатан асосий суд иши давом этмоқда, чунки уларнинг иштироки учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Бундан ташқари, Каримовага алоқадор маблағлар масаласи очиқ қолмоқда. Суд ушбу маблағларни мусодара қилиш имконияти келгуси тергов ҳаракатлари доирасида кўриб чиқилишини қайд этди.

Каримова нимада айбланмоқда?


Швейцарияда Каримова иши бўйича сиртдан суд жараёни 27 апрель куни бошланганди. У пора олиш, пул ювиш ва The Office жиноий тармоғига раҳбарлик қилишда айбланмоқда. Тергов талқинига кўра, ушбу тармоқ орқали 2005−2012 йилларда юзлаб миллион доллар маблағ олиб чиқиб кетилган бўлиши мумкин.

Прокуратуранинг таъкидлашича, Каримова сохта шахслар орқали Швейцария банкларида 30 дан ортиқ ҳисоб рақамлари очган ва маблағларнинг келиб чиқиш манбасини яшириш учун улар ўртасида ноқонуний пул ўтказмалари амалга оширилган. Даъво қилинишича, маблағлар телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш эвазига келиб тушган.

Ишда, шунингдек, Lombard Odier активларининг собиқ бошқарувчиси ва банкнинг ўзи ҳам иштирок этмоқда. Айблов талқинига кўра, Lombard Odier’нинг собиқ бошқарувчиси 2008−2012 йилларда турли ўзбекистонлик бенефициарлар учун тўққизта ҳисоб рақами очган, ваҳоланки, ҳақиқий наф кўрувчи Каримова эканини билган. Сохта бенефициарлар кўрсатилган ушбу ҳисоб рақамлари унинг портфелининг қарийб 90 фоизини — 470 миллион Швейцария франки ёки 599 миллион долларни ташкил этган.

Каримова муддатидан олдин озод қилиниши мумкинми?


Keystone-ATS агентлигининг маълумотларига кўра, суд эшитувлари аввалида на Каримованинг ўзи, на тергов томонидан сохта шахс деб топилган унинг шерикларидан бири судда иштирок этмаган.

Суд жараённи ривожлантиришнинг тўртта эҳтимолий сценарийсини белгилаб берди: эшитувларни 4 майга қадар қолдириш, суриштирувни сиртқи тартибда давом эттириш, Каримовага нисбатан ишни вақтинча тўхтатиб туриш ёки уни тугатиш.

Адвокатларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳибсда сақланаётган уларнинг ҳимояси остидаги шахс жараёнда иштирок этиш ниятида, бироқ бундай имкониятга эга эмас. Шу муносабат билан, ҳимоя томони, жумладан, процессуал масалаларга ойдинлик киритиш учун суриштирувни тўхтатиб туришни талаб қилди.

Адвокатларнинг сўзларига кўра, Гулнора Каримова ўзбошимчалик билан сақланаётгани инобатга олинса, 2028 йил декабрида ёки ундан ҳам олдинроқ озодликка чиқарилиши мумкин.

Ўзбекистондаги суд ҳукми билан 2020 йилнинг мартида Каримовага 13 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир нечта жиноят ва ҳукмлар бўйича жазо тайинланганини инобатга олган ҳолда, жазони ўташ муддати 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисобланади.

Контекст


Каримовага 2023 йил сентябрь ойида Швейцарияда Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шуъба корхонаси собиқ бош директори билан биргаликда айблов қўйилганди.

2024 йил ноябрь ойида Швейцария прокуратураси, шунингдек, Lombard Odier хусусий банкига ва унинг собиқ ходимларидан бирига нисбатан айбловларни илгари сурди. Тергов талқинига кўра, улар The Office фаолиятидан тушган даромадларни яширишда «ҳал қилувчи роль» ўйнаган.

Lombard Odier баёнотида айтилишича, прокуратура банкни пул ювишда онгли равишда иштирок этган деб даъво қилмаяпти. Банк позициясига кўра, гап ички назорат ва қоидабузарликларнинг олдини олиш тизимига оид эътирозлар ҳақида бормоқда, банк эса бунга рози эмас ва судда ўз мақомини ҳимоя қилиш ниятида.

Гулнора Каримова 2015 йилда беш йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган, сўнгра 2019 йилда колонияга ўтказилганди. 2020 йилнинг мартида у «давлат маблағларини ўмариш ва Ўзбекистон манфаатларига зид равишда битимлар тузиш, шунингдек, ўзгалар мулкини товламачилик йўли билан жуда кўп миқдорда ўзлаштириш фактлари бўйича» яна 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги Каримова ҳамда у раҳбарлик қилган жиноий гуруҳга тегишли активларнинг умумий суммаси қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланмоқда. Ўзбекистон ушбу маблағларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

2025 йил июнь ойида БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Гулнора Каримованинг озодликдан маҳрум этилишини халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши деб топган ва Ўзбекистон ҳукуматидан унга товон пули тўлашни таъминлашни талаб қилган. Ҳукумат эса унга нисбатан жиноят ишлари қонунчилик меъёрларига мувофиқ кўриб чиқилганини билдирган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.