Учрашув чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Умар ал-Шамсий янги элчини лавозимга тайинлангани билан табриклаб, унга дипломатик фаолиятида муваффақият тилади. Шу билан бирга, у БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни барча йўналишларда кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, Умид Шодиев икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солишини таъкидлади.
Умид Шодиев 43 ёшда. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Дипломатик фаолиятини 2005 йилда Ташқи ишлар вазирлиги тизимида референт сифатида бошлаган ва кейинчалик турли лавозимларда ишлаган. Жумладан, Ўзбекистоннинг Вашингтон ва Нью-Йоркдаги дипломатик ваколатхоналарида хизмат қилган.
2018−2023 йилларда у Ўзбекистоннинг Париждаги ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили бўлган. 2023 йилда Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси этиб тайинланган.
Умид Шодиев мазкур лавозимга Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонасига 2022−2025 йилларда раҳбарлик қилган ва 2025 йил декабрь ойида Туризм қўмитаси раиси этиб тайинланган Абдулазиз Аққулов ўрнига тайинланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.