Ушбу нуфузли мусобақада амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ҳамда чемпионлик учун расмий даъвогар, ўзбекистонлик Жавоҳир Синдаров ҳам иштирок этади. Турнир форматига кўра икки шахматчи ўзаро 3 марта (1 та рапид ва 2 та блиц) ўйин ўтказади.
2026 йилги Супер рапид/блиц турнирининг тўлиқ таркиби:
Жавоҳир Синдаров (Ўзбекистон)
Гукеш Доммаражу (Ҳиндистон)
Алиреза Фирузжа (Франция)
Ханс Ниман (АҚШ)
Фабиано Каруана (АҚШ)
Владимир Федосеев (Словения)
Максим Вашье-Лаграв (Франция)
Ян-Кшиштоф Дуда (Польша)
Радослав Войташек (Польша)
Уэсли Со (АҚШ)
3 майдан 10 майга қадар бўлиб ўтадиган ушбу мусобақа жами 200 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот жамғармасига эга. Турнир доирасида шахмат мухлислари 7 кун давомида 135 та шиддатли ўйин гувоҳи бўлишади:
Рапид: 9 та турдан иборат баҳслар
Блиц: 18 та турдан иборат икки даврали марафон
Мусобақада Grand Chess Tour’нинг 5 нафар доимий иштирокчиси ҳамда 5 нафар махсус таклиф этилган (wildcard) гроссмейстерлар дона суради. Синдаров ушбу турнирга айнан wildcard орқали таклиф этилган.
2026-йилги мавсум регламенти: янги қоидалар ва гранд финал
Жорий йилги Grand Chess Tour мавсуми нафақат кучли таркиби, балки қатъий тартиб-қоидалари билан ҳам ажралиб туради. Мавсум давомида жами 9 нафар асосий иштирокчи танлаб олинган. Ҳар бир ўйинчи иккита классик турнирда ҳамда мавжуд учта рапид ва блиц турнирларидан иккитасида қатнашиши шарт. Мунтазам мавсум якунига кўра энг кўп очко тўплаган кучли тўртлик декабрь ойида ўтказиладиган гранд финалга йўлланма олади. Финалнинг мукофот жамғармаси эса 450 000 АҚШ долларини ташкил этади.
Ғолиблик учун курашни қизиқарли ўтказиш мақсадида очколар қуйидагича тақсимланади:
1-ўрин: 12 очко (агар тай-брейксиз, соф ғалаба қайд этилса – 13 очко).
2-ўрин: 10 очко.
10-ўрин: 1 очко.
Ўйин давомидаги тартиб-қоидалар:
Дуранг таклиф қилиш тақиқланади: Курашувчанликни ошириш мақсадида ўйинчиларга ўзаро дуранг таклиф қилиш ёки келишиш қатъиян ман этилади. Дуранг фақат ҳакам назорати остида 3 марта такрорланиш ёки 50 та юриш қоидаси асосида қайд этилиши мумкин.
Кечикиш учун жазо: Классик ўйинда 10 дақиқа, рапид ва блицда эса 3 дақиқадан кўп кечиккан иштирокчига техник мағлубият ёзилади.
Доналарга эътиборсизлик: Агар ўйинчи дона сураётганда бошқа бирини ағдариб юборса ва уларни ўз вақтида жойига қўймаса, ҳакам томонидан огоҳлантирилади. Учинчи марта бундай ҳолат такрорланса, ўйинчи мағлуб деб топилади.
Мукофот жамғармаси:
Ҳар бир рапид/блиц турнири учун: 200 000 АҚШ доллари (1-ўрин учун 50 000 доллар)
Ҳар бир классик турнир учун: 350 000 АҚШ доллари (1-ўрин учун 100 000 доллар)
Гранд финал учун: 450 000 АҚШ доллари (Ғолиб учун 200 000 доллар)
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.