Форум Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда минтақа давлатларининг эксперт-таҳлилий ва илмий доиралари, шунингдек, минтақавий хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш соҳасида фаолият юритувчи халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар Марказий Осиёда хавфсизликка оид замонавий таҳдид ва хатарлар, уларни прогноз қилиш ва бошқариш масалаларига, шунингдек, трансчегаравий жараёнлар, ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳамда транспорт-логистика боғлиқлигининг минтақа барқарорлигига таъсирига асосий эътиборни қаратдилар.
Марказий Осиё атрофида юзага келаётган можаролар оқибатлари ва ноанъанавий таҳдидлар, энг аввало ахборот-коммуникация соҳасидаги хавф-хатарларнинг кучайишига алоҳида урғу берилди.
Мавжуд шароитда минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда биргаликда чора кўриш механизмларини такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ўз чиқишлари давомида СМТИ вакиллари кучайиб бораётган геосиёсий парчаланиш ҳамда глобал ва минтақавий жараёнларнинг ўзаро боғлиқлиги ортиб бораётгани фонида минтақавий хавфсизлик трансформациясининг асосий тенденцияларини қайд этдилар. СМТИ маркази раҳбари Мурод Узоқов иқтисодиётлар, инфратузилма ва ахборот маконларининг ўзаро боғлиқлигини чуқурлаштириш минтақавий барқарорликка ташқи омиллар таъсирини кучайтиришини, бу эса Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик соҳасида келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишини янада долзарблаштиришини таъкидлади.
Минтақа мамлакатлари минтақавий субъектлик хусусиятларини изчил мустаҳкамлаб, ўзаро ҳамкорликнинг янада барқарор ва институционаллашган форматларини шакллантирмоқда. Бу борада минтақавий мулоқотни ривожлантириш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг интеграцияси ва барқарорлигини мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларни илгари суриб, ушбу жараёнларга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Минтақа учун стратегик аҳамиятга эга бўлган сув ва иқлим масалаларига, шунингдек, узоқ муддатли барқарорлик ҳамда изчил тараққиётнинг муҳим омили сифатида минтақавий ўзига хосликни шакллантириш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар давомида, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақавий ҳамкорликни мувофиқлаштиришнинг барқарор механизми сифатида муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. 7-учрашув якунлари бўйича қабул қилинган Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси ҳамда хавф-хатарлар каталоги ва уларнинг олдини олиш бўйича 2026–2028 йилларга мўлжалланган чоралар ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун замин яратиши таъкидланди.
Кун тартибини муҳокама қилишда транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. СМТИ бўлим бошлиғи Азамат Сулиманов ушбу омилнинг Марказий Осиёда иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бири сифатида аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг фикрича, геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда йўналишларни диверсификация қилиш ва қўшимча логистика йўлакларини ривожлантириш зарурати кучаймоқда.
Эксперт таъкидлашича, ташқи инқирозлар, жумладан Яқин Шарқдаги муаммолар глобал таъминот занжирларига сезиларли таъсир кўрсатиб, транспорт харажатларининг ошишига, етказиб бериш муддатларининг узайишига ва логистика жараёнларининг мураккаблашишига олиб келмоқда. Бундай шароитда транзит оқимларининг барқарорлигини таъминлай оладиган ҳудудларнинг роли ортиб бормоқда. Шу билан бирга, Марказий Осиё шаклланаётган Евроосиё геоиқтисодий архитектурасининг муҳим қисми сифатида кўрилмоқда.
Минтақа ҳаво ҳудудининг Европа ва Осиё ўртасида барқарор транзит йўналиши сифатидаги аҳамияти ортиб бораётгани, шунингдек «land-locked» моделидан чуқур ўзаро транспорт боғлиқлиги ва интеграциялашган инфратузилма тармоғини ривожлантиришни назарда тутувчи «land-linked» моделига босқичма-босқич ўтилаётгани алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, кенг кўламли инфратузилмавий кун тартибини амалга ошириш давлатлараро мувофиқлаштиришни кучайтиришни ҳамда лойиҳаларни бошқаришнинг келишилган механизмларини талаб этиши қайд этилди. Жумладан, ягона транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, йирик лойиҳаларни — «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўли, Транс-Афғонистон коридори ва Транскаспий йўналишларини амалга ошириш ҳамда логистикани рақамлаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Шу нуқтаи назардан, форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда минтақавий мувофиқлаштиришни мустаҳкамлаш ва интеграция лойиҳалари самарадорлигини ошириш мақсадида Бош вазирлар ўринбосарлари даражасида Инфратузилмани ривожлантириш кенгашини тузиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.