Президент ОТБга Марказий Осиёда сунъий интеллект, энергетика, минераллар ва логистика бўйича лойиҳаларни ишга туширишни таклиф қилди

Президент ОТБга Марказий Осиёда сунъий интеллект, энергетика, минераллар ва логистика бўйича лойиҳаларни ишга туширишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев 4 май куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилишининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари тадбирда нутқ сўзлаб, бундай нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтказилаётгани Ўзбекистонга ғурур ва ифтихор бағишлашини таъкидлади.

Ўзбекистон етакчиси мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига тўхталиб ўтди. Хусусан, сўнгги йилларда иқтисодиётга 150 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилиб, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилгани қайд этилди. Бу даврда товар ва хизматлар экспорти 3 карра ўсди, миллий иқтисодиёт ҳажми эса 50 миллиарддан 147 миллиард долларга етди.

Ўзбекистон Иқтисодий эркинлик индексида жорий йил юртимиз 14 поғона юқорилаб, илк бор «иқтисодиёти мўътадил эркин» давлатлар қаторидан жой олгани таъкидланди

Глобал беқарорлик шароитида ҳам мамлакат иқтисодиёти биринчи чорак якуни бўйича 8,7 фоизли ўсишга эришгани маълум қилинди.

Президент амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ўрнини алоҳида эътироф этди. ОТБ билан амалга оширилган ва жорий қўшма лойиҳалар портфели қарийб 16 миллиард долларга етди.

Давлат раҳбари фурсатдан фойдаланиб, Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда, Банк бошқарувчилари ҳамда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари раҳбариятига яқин ҳамкорлик учун самимий миннатдорлик билдирди.

Президент жаҳон иқтисодиётида юз бераётган мураккаб ўзгаришлар ва янги технологияларнинг жадал ривожланиши ҳақида сўз юритар экан, барқарор ривожланишни таъминлаш учун Банк билан ҳамкорликда янги механизм ва таъсирчан ёндашувларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади ва қатор таклифлар берди.

Сунъий интеллект


Президент рақамли технология ва сунъий интеллект деярли барча соҳаларни мутлақо янги форматга олиб чиқаётганини айтди. Жаҳон савдо ташкилоти прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, сунъий интеллект ҳисобига халқаро савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ошишини таъкидд

Давлат раҳбари Ўзбекистонда инновация ва билимларга асосланган Сунъий интеллект хабини ташкил қилишни бошланганини маълум қилди. «Иқтисодиёт тармоқларида 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари устида ишлаяпмиз. Ҳудудларда дата марказлар, супер компьютерлар ва сунъий интеллект лабораторияларини кўпайтириш, «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари»ни тайёрлаш бўйича дастурларни амалга оширяпмиз», — деди у.

Бу йўналишларда Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Корея ва Хитойдаги ҳамкорларимиз бизга яқиндан ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Албатта, таълим, тиббиёт, сув хўжалиги, экология, озиқ-овқат хавфсизлиги каби аҳолининг бирламчи эҳтиёжи учун энг зарур бўлган йўналишларда ҳам очиқ сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш талаб этилмоқда.

Бунинг учун Осиё тараққиёт банки шафелигида Ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект кўламини ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

«Шунингдек, Банкнинг „Осиё учун рақамли магистраль“ ташаббусига қўшилишимизни маълум қиламиз ҳамда Тошкентда унинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини очиш таклифини илгари сурамиз», — деди президент.

Президент ОТБга Марказий Осиёда сунъий интеллект, энергетика, минераллар ва логистика бўйича лойиҳаларни ишга туширишни таклиф қилди

«Яшил» энергетика


Ўзбекистон раҳбари рақамли технология ва сунъий интеллектнинг ривожланиши, ўз навбатида, энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни кескин ошираётганини таъкидлади.

Халқаро энергетика агентлиги таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб, дата марказларнинг электр энергиясига бўлган талаби ҳозиргидан 2−3 карра ошади. Бундай шароитда инвесторларга арзон, ишончли ва «яшил» энергия таклиф қилган давлатларгина глобал бозорда рақобатбардош бўла олади.

«Биз бу борада дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда 5 минг 600 мегаваттли йирик шамол ва қуёш электр станцияларини ишга тушириб, генерацияда „яшил“ энергия улушини 30 фоизга етказдик. 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 54 фоизга олиб чиқишни режа қилганмиз», — деди президент.

Давлат раҳбари минтақанинг қайта тикланадиган энергия генерацияси бўйича катта салоҳияти борлигини таъкидлади.

«Тоза энергия экспортини кенгайтириш учун Марказий Осиё — Европа „яшил“ энергетика коридорини яратишда Осиё тараққиёт банки кўрсатаётган ёрдамни миннатдорлик билан таъкидлаймиз. Минтақа давлатлари Банк билан ҳамкорликда қисқа муддатларда ушбу „энергетик артерия“ лойиҳасини бошлашига ишонамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Логистика ва рақамли божхона


Давлат раҳбари ўзаро боғлиқ транспорт тизими ва логистика йўлаклари барқарорлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланаётганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, жаҳондаги зиддиятлар оқибатида логистика коридорлари ўзгариши ҳозирнинг ўзида Марказий Осиё давлатлари учун юк ташиш харажатининг 30 фоизгача ошишига, етказиб бериш муддатлари эса бир неча ҳафта кечикишига сабаб бўлмоқда.

«Хабарингиз бор, Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган „Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон“ темир йўли лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари бошланган. Ушбу янги транспорт йўлаги ҳисобига бутун минтақанинг транзит салоҳияти сезиларли даражада ошади. Маҳсулотларни етказиб бериш муддати 10 кунгача қисқаради, йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имконияти яратилади», — деди президент.

Бу борада Банкнинг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида «Рақамли божхона ва логистика альянси»ни ташкил этишни таклиф этамиз. Бунинг натижасида божхона тартибларини уйғунлаштириш, ҳужжатлар айланишини рақамлаштириш, чегара орқали юк ташишларни енгиллаштириш имконияти яратилади.

Президент ОТБга Марказий Осиёда сунъий интеллект, энергетика, минераллар ва логистика бўйича лойиҳаларни ишга туширишни таклиф қилди

Критик минераллар


Навбатдаги йўналиш ОТБ иштирокида хусусий сектор билан ҳамкорликни, жумладан, критик минераллар соҳасида кенгайтириш билан боғлиқ.

Президент қайд этишича, ҳозирги технологиялар асрида критик минераллар учун рақобат кун сайин авж олаяпти. Халқаро экспертларнинг хулосаларига кўра, 2040 йилга бориб, саноат учун муҳим минералларга талаб 6 баробар ошади.

«Бу — янги имконият. Ўзбекистон мис, вольфрам, молибден, магний, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захирасига эга. Биз бу салоҳиятни ишга солиш мақсадида кореялик ҳамкорларимиз билан R&D маркази фаолиятини йўлга қўйдик. Тошкент ва Самарқанд вилоятларида «Келажак металлари технопарки»ни бунёд этмоқдамиз. АҚШ, Хитой, Туркия каби давлатларнинг йирик компаниялари билан қиймати 1,6 миллиард долларлик 70 дан зиёд лойиҳани бошлаганмиз», — деди Мирзиёев.

«Биз нафақат фойдали минералларни қазиб олиш, балки уларни чуқур қайта ишлаш орқали иқтисодиёт ривожига янги туртки беришни мақсад қилганмиз. Осиё тараққиёт банкининг „Критик минералдан — ишлаб чиқаришга“ дастурига қўшилиш ва унинг доирасида юқори қўшимча қийматга эга бўлган лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этамиз. Бунда геология-қидирув ишларида замонавий технологиялар ва рақамли ечимларни жорий қилиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларига экологик стандартларни татбиқ этиш, критик минералларни етказиб беришнинг барқарор занжирларини яратиш муҳим, деб ҳисоблаймиз», — деди президент.

«Марказий Осиёнинг яшил белбоғи»


Президент бешинчи йўналиш сифатида иқлим ўзгариши ва чўлланиш оқибатларига қарши курашни белгилади.

Унинг таъкидлашича, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда ҳар йили 200 миллион туп кўчат экилмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ҳимоя ўрмонлари барпо этилди. Ўзбекистон 2030 йилга бориб кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга етказишни мақсад қилиб қўйган.

Президент «Марказий Осиёнинг яшил белбоғи» минтақавий лойиҳасини амалга оширишни таклиф қилди.

Туризм


Олтинчи йўналиш сифатида Шавкат Мирзиёев туризмни ривожлантиришни қайд этди. «Жаҳондаги беқарорлик шароитида миллионлаб сайёҳлар хавфсиз йўналишларни изламоқда», — деди у.

Президентнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё зиёрат, маданий, гастрономик, этнографик, экстремал ва тиббий туризм бўйича улкан салоҳиятга эга. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқими ўн йил ичида олти бараварга ошиб, йилига 12 миллион кишига етди.

Давлат раҳбари яқинда Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини алоҳида таъкидлаб ўтди.

«Шу боис минтақа давлатларини бирлаштирадиган туристик макон — «Марказий Осиё туризм ҳалқаси»ни яратиш ташаббусини илгари сурамиз. Қўшни давлатлар, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкорларимизни туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳалар портфелини шакллантириб, биргаликда молиялаштиришга чақирамиз», — деди президент.

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон таклиф этилган ташаббусларни ОТБ билан ҳамкорликда нафақат суверен кредитлаш доирасида, балки давлат-хусусий шериклик, кафолатлар, аралаш молиялаштириш ва хусусий капитални сафарбар этиш орқали ҳам амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.

«Шу муносабат билан Минтақавий лойиҳаларни молиялаштиришнинг инновацион платформасини шакллантиришни таклиф этамиз», — деди президент.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.