Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси бир вақтнинг ўзида Жазоирдаги биринчи элчи этиб тайинланди

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси бир вақтнинг ўзида Жазоирдаги биринчи элчи этиб тайинланди

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев (қароргоҳи Қоҳира шаҳрида) Жазоирдаги элчи этиб тайинланди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Элчи Жазоир ташқи ишлар, хориждаги ватандошлар ва Африка ишлари вазири Аҳмад Аттафга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди. Қайд этилишича, у Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги биринчи элчисига айланган.

Қисқа маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда томонлар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Аҳмад Аттаф Жазоир ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий алоқаларни юқори баҳолаб, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳалардаги муносабатларни чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси бир вақтнинг ўзида Жазоирдаги биринчи элчи этиб тайинланди
«Дунё» АА

Унинг айтишича, ҳозирги ўзаро савдо ҳажми мавжуд салоҳиятдан анча паст. Шу билан бирга, тоғ-кон саноати ва геология, фармацевтика ҳамда тўқимачилик соҳаларида катта имкониятлар мавжуд.

Вазир, шунингдек, аҳолиси 50 миллионга яқин бўлган Жазоирда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, уларни Африка қитъасига божсиз экспорт қилиш имконияти борлигини қайд этди. Бунинг учун мамлакат иқтисодий зоналарида савдо уйлари, омборлар ва кўргазма залларини ташкил этиш, ишбилармонлар кенгашини шакллантириш ҳамда ҳукуматлараро комиссия фаолиятини йўлга қўйиш таклиф қилинди.

Таълим, тиббиёт ва парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Аҳмад Аттаф суҳбат якунида у Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Жазоирга ташрифини интиқлик билан кутаётганини билдириб, элчи фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.

47 ёшли Мансурбек Қиличев дипломатия соҳасида 2002 йилдан буён ишлайди. Вазирлик марказий аппарати ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ишлаган.

2012−2013 йилларда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги элчихонаси биринчи котиби, 2013−2019 йилларда Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги (БАА) бош консули бўлган.

2019−2020 Ўзбекистон Халқаро муносабатлар бўйича ахборот таҳлилий маркази директори ўринбосари — йиғма таҳлилий бўлим бошлиғи сифатида фаолият кўрсатган.

2020 йилдан элчи лавозимига тайинлангунга қадар Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти директори ўринбосари бўлган.

2021 йил октябридан буён у Ўзбекистоннинг Мисрдаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳисобланади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.