Ҳужжатга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида учта янги тузилма ташкил этилади.
Биринчиси — Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти негизида Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази. У соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат сиёсати самарадорлигини баҳолаш, аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда стратегик қарорлар учун таҳлилий маълумотлар тайёрлаш билан шуғулланади.
Иккинчиси — Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари. У юридик шахс мақомига эга бўлиб, тиббий хизматлар сифати, беморлар хавфсизлиги, клиник протоколлар ва стандартларга риоя этилишини баҳолайди, тиббиёт муассасалари фаолиятини таҳлил қилади ва клиник назорат тизимини жорий этади.
Инспекция давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматларни назорат қилувчи ваколатли орган бўлади. Инспекция раҳбари Президент Администрацияси раҳбари билан келишилган ҳолда соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Учинчи тузилма — юридик шахс мақомига эга давлат муассасаси шаклидаги Контент медиамаркази. У жамоатчиликни соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиликлар, тиббий хизматлар ва давлат сиёсати ҳақида тезкор ҳамда холисона хабардор қилиб бориши, шунингдек, жамоатчилик фикрини тизимли равишда тўплаши ва таҳлил қилиши лозим бўлади.
Медиамарказ фаолиятини ҳудудий ва республика даражасидаги тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатиладиган пуллик тиббий хизматлардан тушадиган тушумларнинг 1 фоизи миқдоридаги қўшимча ажратмалар, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, хўжалик фаолиятидан олинадиган даромадлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда.
Фармон билан, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унга қарашли, давлат бюджетидан молиялаштириладиган тузилмаларнинг бошқарув ходимлари сони тасдиқланди. Вазирлик марказий аппарати 298 та штат бирлигидан (илгари 189 та бўлган), жумладан, вазирнинг биринчи ўринбосари ва беш нафар ўринбосаридан иборат бўлади.
Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари учун 128 та, Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш маркази учун 30 та, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси учун 68 та, Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги учун 42 та штат бирлиги назарда тутилган.
Бунда қўшимча штат бирликлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизимидаги 880 та штат бирлигини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарув бўғини ходимларига Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилади.
Соғлиқни сақлаш вазирига қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, у вазирликнинг ва Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан лойиҳа офисларини ташкил этиш, тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш учун талаб ва стандартларни белгилаш имкониятига эга бўлади.
«Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офисининг фаолияти тугатилади. Унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда шартномалари Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига, шунингдек, аҳолининг мурожаат, шикоят ва таклифларини қабул қилиш учун cалл-марказни аутсорсинг асосида ишга тушириш ҳамда тиббий хизматлар сифати, қулайлиги ва муаммолари тўғрисидаги ахборотни тезкор олиш ва таҳлил қилиш учун қайта алоқа тизимини йўлга қўйиш топширилди.
2026 йил 1 сентябрдан тиббиёт ассоциацияларига янги ваколатлар берилади. Улар тиббий ёрдамни стандартлаштириш бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси таклифига биноан стационар хизматлар сифатини баҳолашда, тиббиёт ходимларини сертификатлаш ва қайта тайёрлашда, тиббий хизматлар сифатининг мустақил аудитини ўтказишда ҳамда ислоҳотлар бўйича таклифлар тайёрлашда иштирок этиши мумкин бўлади.
2027 йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги идорасидаги республика ва ҳудудий стационар тиббиёт муассасалари раҳбарлари янги қоидалар бўйича тайинланади. Улар билан беш йилгача бўлган муддатга меҳнат шартномаси тузилади. Тайинлангач, раҳбар олти ой ичида муассасани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳимоя қилиши, бир йил мобайнида эса тиббий менежмент ва молиявий бошқарув бўйича малака ошириши шарт.
Бундай тиббиёт муассасалари раҳбарларига тиббий амалиёт билан шуғулланиш тақиқланади. Айрим ҳолларда соғлиқни сақлаш вазири илмий-амалий мақсадлар учун бунга рухсат бериши мумкин. Уларнинг фаолияти тиббий хизматлар сифати, молиявий интизом, бошқарув самарадорлиги, рақамлаштириш ва кадрлар сиёсатини ўз ичига олган асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳоланади. Кўрсаткичлар бажарилмаган тақдирда, меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.
2027 йил 1 январдан эътиборан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириладиган барча тиббиёт муассасалари учун штат нормативларини ажратилган маблағлар доирасида мустақил белгилай олади. Бундай муассасаларнинг йил якуни бўйича қолган маблағлари олиб қўйилмайди ва келгуси молия йили учун бизнес-режа тузишда инобатга олинади.
Фармоннинг алоҳида бир блоки соғлиқни сақлашни рақамлаштиришга бағишланган. Ҳисоб палатасига уч ой муддатда тизимдаги рақамли жараёнларнинг, жумладан, амалга оширилган ишлар, молиялаштирилган лойиҳалар ва уларнинг натижаларининг комплекс аудитини ўтказиш топширилди. UZINFOCOM компанияси томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида ишлаб чиқилган ахборот тизимлари ва лойиҳалари ҳам аудит предмети бўлади.
Аудит натижаларига кўра самарали лойиҳаларни амалга ошириш давом эттирилади, самарасиз деб топилганлари эса қайта кўриб чиқилади ёки бекор қилинади.
2026 йил охиригача Рақамли технологиялар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда соғлиқни сақлаш соҳасидаги барча рақамли ечимлар учун ягона архитектура, интеграция стандартлари, маълумотлар алмашинуви протоколлари ва ахборот хавфсизлиги талабларини тасдиқлаши керак.
Шунингдек, давлат тиббиёт муассасаларида ахборот тизимларини босқичма-босқич жорий этиш ва уларни интегратсиялаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланиши лозим.
Бошқарув самарадорлиги агентлигига Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда уч ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларининг малакасини баҳолаш тартибини тасдиқлаш топширилди. 2026 йил охиригача ходимлар аттестациядан ўтказилиши керак, унинг натижаларига кўра уларни лавозимида қолдириш, ротация қилиш, қайта тайёрлаш ёки улар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилинади.
5 май куни Президент администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил департаменти шуъба мудири лавозимида ишлаб келган Элдор Адилов Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Асилбек Худаяров эса бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан вазир лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, вазирнинг деярли барча ўринбосарлари ҳам алмашди. Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари — Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш департаменти директори Илҳомжон Умурзоқов улардан бири бўлди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.