Маълумотларга кўра, кейинги 25 йилда дунё мамлакатларининг 42 фоизида қорамоллар сони 12 фоизга қисқарган. Бунинг асосий сабаблари қиммат озуқа, қурғоқчилик, экологик омиллар, юқори фоиз ставкалари ва даромад камайиши билан боғлиқ. Натижада жаҳон бозорида гўштнинг ўртача нархи рекорд даражага етган.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун катта имконият бор. Мамлакатимизда 16 миллион гектар яйлов мавжуд, бироқ бу салоҳиятнинг атиги 10 фоизидан фойдаланилмоқда.
Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. У Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида фаолият бошлайди.
Президент қарори билан Ориф Бутаев агентлик раҳбари этиб тайинланди.
Янги агентлик олдига қорамоллар сонини 16,5 миллионтага, қўй ва эчкилар сонини 30 миллионтага, паррандалар сонини 141 миллионтага етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, гўшт ва сутни қайта ишлаш даражасини 50 фоизга, наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш, озуқабоп экин майдонларини эса 1,5 баробар кўпайтириш белгиланди.
Озуқа базасини кенгайтириш ва наслчиликни яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятдан 1 тадан туман чорвачиликка ихтисослаштирилади.
Ушбу туманларда пахта ва ғалла ерларининг 50 фоизига озуқабоп экинлар экишга рухсат берилади, бунинг учун 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Барча фермер хўжаликларига ижара ерларининг 20 сотих қисмида ортиқча бюрократиясиз енгил конструкцияли бинолар, озуқа омборлари ва силос ўралари қуришга рухсат берилади.
Йил якунига қадар камида 10 гектар ери бор 28 минг 746 та фермер хўжалиги ерида 2 миллион бош қорамол боқишни ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, чорвачиликни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланди. 1 июндан бошлаб тижорат банклари йиллик 10 фоиз ставкада, 4 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатга кредитлар ажратади. Наслдор чорвани импорт қилувчилар 2029 йилгача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Банкларга йиллик 6 фоиз ставкада 1 триллион сўм ва 50 миллион доллар ресурс жойлаштирилади. Ушбу ресурслар ҳисобидан жорий йилда 5,5 триллион сўмлик 1,5 мингта лойиҳани ишга тушириш, 25 мингта иш ўрни яратиш ва қорамоллар сонини 400 мингтага ошириш режалаштирилган.
Кадрлар тайёрлаш ва наслли чорвани кўпайтириш бўйича ҳам янги дастур бошланади. 1 июндан етакчи аграр олийгоҳларда сунъий уруғлантириш бўйича 10 кунлик ўқув курслари ташкил этилади. Ҳар йили камида 1 минг мутахассис тайёрланиб, улар зарур ускуналар билан бепул таъминланади.
Хонадонларда сунъий уруғлантирилган ҳар бир наслдор бузоқ учун 500 минг сўмдан ҳамда эмбрионларни кўчириб ўтказилганда 700 минг сўмдан субсидия тўланади. Бу мақсадлар учун қўшимча 50 миллиард сўм ажратилади.
Йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботлари, тадбиркор ва фермерларнинг таклифлари тингланди. Янги тизимни жойларда самарали ташкил этиш, тадбиркорлар ва фермерларга амалий кўмак бериш, чорвачиликда озуқа базаси, наслчилик, қайта ишлаш ва экспорт имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.