Вазирлик маълумотларига кўра, 30 апрель куни аёл Ғаллаорол туманлараро перинатал марказига ётқизилган ва 1 майга ўтар кечаси қиз фарзандни дунёга келтирган. Она ва чақалоқ бир неча кун шифокорлар назоратида бўлганидан сўнг, 4 май куни қониқарли аҳволда уйига жавоб берилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, аёлнинг аҳволи уйга қайтганидан кейин ёмонлашган. Хизмат текшируви натижасида у интернетдаги маслаҳатларга таяниб, лактацияни кучайтириш учун дори воситасини дорихонадан мустақил равишда сотиб олгани ва шифокор билан маслаҳатлашмасдан қабул қилгани аниқланган.
Тахминларга кўра, дори воситасини назоратсиз қабул қилиш ўткир аллергик реакцияни келтириб чиқарган.
6 май куни соат 04:20 да аёл туман марказий шифохонасига олиб келинган. Вазирлик маълум қилишича, шифокорлар унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиб, зудлик билан госпитализация қилишни тавсия этган. Бироқ қариндошлари стационар даволанишдан ёзма равишда бош тортиб, беморни уйига олиб кетган.
Орадан бир неча соат ўтиб, аёлнинг аҳволи кескин ёмонлашган. Тез ёрдам бригадаси уни қайтадан тиббиёт муассасасига олиб келган, аммо реанимация чораларига қарамасдан унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган. Шифокорлар соат 15:30 да ўлим ҳолатини қайд этган.
Ўлимнинг аниқ сабабини белгилаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Унинг якунларига кўра, ҳодисага ҳуқуқий баҳо берилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.