Биринчи навбатда бу тариф урушларига тегишли. Ҳа, ҳозирча АҚШ ва Хитой етакчиларининг учрашуви кўпроқ конструктив руҳда якунланди. Бироқ томонлар ўртасидаги мавжуд тизимли зиддиятлар туфайли келажакда савдо ёки технологиялар соҳасидаги чекловлар кучайишини истисно қилмаслик керак.
АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви Марказий Осиёга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Биринчидан, минтақа давлатлари ўзгаларнинг геосиёсий қарама-қаршилигига тортилиб қолиш хавфи остида. Иккинчидан, улар глобал таъминот занжирлари, логистика йўналишлари ва инвестиция оқимларининг ўзгариши сабабли иқтисодий босимни ҳис қилади. Учинчидан, томонларнинг муҳим минераллар, савдо бозорлари ва инфратузилма лойиҳалари учун рақобати минтақа давлатлари атрофида қўшимча кескинликни юзага келтириши мумкин.
Бироқ, менимча, бу Марказий Осиё учун нафақат хавфлар, балки қўшимча имкониятларни ҳам яратиши мумкин. Йирик ўйинчилар ўртасидаги рақобат шароитида минтақа давлатлари ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва ўз манфаатларини илгари суриш учун кўпроқ имкониятга эга бўлади. Транспорт йўлаклари, муҳим минераллар, технологиялар ва минтақадаги таъсир учун рақобат Марказий Осиё давлатларининг мавқеини мустаҳкамлаши ва инвестицияларни жалб қилиш учун шароит яратиши мумкин.
Пекин ва Вашингтон минтақадаги бир-бирининг фаолиятини диққат билан кузатиб бормоқда. АҚШнинг таъминот занжирлари ва ресурсларга киришда Хитойга қарамликни камайтиришга бўлган уринишлари муқаррар равишда АҚШнинг Марказий Осиёга бўлган қизиқишини кучайтиради. Шу сабабли ўрта муддатли истиқболда, биринчи навбатда, иқтисодий, технологик ва инфратузилма соҳаларида очиқроқ рақобатни истисно қилиб бўлмайди. Бунда Хитой чуқурроқ иқтисодий иштирокни сақлаб қолса, АҚШ инвестициялар, технологиялар ва стратегик лойиҳалар орқали ўз таъсирини босқичма-босқич кучайтиришга интилмоқда.
Ҳозирга қадар Марказий Осиё давлатлари мувозанатни сақлашга ва АҚШ ҳамда Хитой ўртасида танлов қилиш заруратидан қочишга муваффақ бўлмоқда. Қолаверса, Вашингтон томонидан минтақа билан ҳамкорлик «ёки АҚШ, ёки Хитой» тамойили асосида қурилмаслиги кераклиги ҳақида аввалроқ баёнотлар янграганди. Шунга қарамай, глобал рақобат кучайиб бориши билан, аввало, технологиялар, санкция режимлари, рақамли инфратузилма ва стратегик лойиҳалар масалаларида билвосита босим ортишини истисно қилиб бўлмайди.
Шу билан бирга, Марказий Осиё ташқи рақобат объекти эмас, балки халқаро сиёсатнинг мустақил субъекти сифатида намоён бўлиши учун минтақавий ички координацияни кучайтириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.