Тузатишлардан бири 2026 йилдан 2030 йилга қадар бўлган даврда чет эл контрагентларини қўшилган қиймат солиғи, тўлов манбаида фойда солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилишни кўзда тутади.
Сенатор Абдусаид Кўчимов Сенат мажлисида қайд этишича, гап Президенти администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб қилинган чет эл контрагентлари ҳақида бормоқда.

Амалиётда креатив индустрия парки резиденти мақомини олиш учун субъектнинг бизнес режаси маъқулланиши ва жами йиллик даромадининг камида 80 фоизи креатив соҳадаги фаолиятдан шаклланиши шарт этиб белгиланган.
Қонун билан эса янги ташкил этилган субъектлар учун бу талаб дастлабки босқичда қўлланилмаслиги, аммо молия йили якунларига кўра талаблар бажарилмаса, солиқ имтиёзлари қайта ҳисобланиши ва бюджетга ундирилиши белгиланмоқда.
Ҳужжат, шунингдек, маданият ва санъат бўйича халқаро ҳамда давлатлараро даражадаги тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ давлат харидини тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга оширишга рухсат беради.
«Мисол сифатида Корея Республикасини келтириш мумкин. У ерда креатив тармоқларнинг ЯИМга қўшадиган ҳиссаси 130 млрд доллардан ошади. Бу мазкур секторнинг юқори иқтисодий салоҳиятини яққол кўрсатади. Ўзбекистон бой маданий мерос, қадимий ҳунармандчилик анъаналари, юқори туристик салоҳият, шунингдек, ёш ва ижодкор аҳолининг катта улушига эга экани сабабли креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун барча имконият ва зарур шарт-шароитларга эга», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда халқаро маданий имижни мустаҳкамлаш, туризмни ривожлантириш, ижодий институтларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар имкониятларини кенгайтиришга қаратилган йирик лойиҳа ва тадбирлар амалга оширилмоқда.
WCCE 2024 Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференцияси 80 дан ортиқ мамлакатдан 1000 нафардан зиёд иштирокчини бирлаштирди. Шунингдек, Орол маданий саммити, Тошкент, Самарқанд, Хива ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида халқаро концерт ва фестиваллар ўтказилди.
«Биринчи Бухоро биенналесини алоҳида таъкидлаш жоиз, у кенг халқаро резонансга сабаб бўлди ва ҳудудга туристлар оқимининг ошишига хизмат қилди. Бухорога ташриф буюрган туристлар сони бир ярим баробарга ошиб, 2 миллион нафардан зиёдга етди», — дея қўшимча қилди жамғарма раҳбари.
Унинг маълумотларига кўра, 2021 йилдан буён Ўзбекистоннинг Венеция биенналесидаги миллий павильонларига ҳар йили 1 миллион нафаргача одам ташриф буюрмоқда, Милан дизайн ҳафталигида эса 40 мамлакатдан 30 мингдан ортиқ меҳмон қатнашган.
Гаянэ Умерова ушбу тадбирлар маданият ва креатив индустриялар туризм, кичик бизнес, хизмат кўрсатиш соҳаси ва ҳудудий иқтисодиёт ривожига бевосита таъсир кўрсатишини намоён этганини таъкидлади.
Gazeta аввалроқ 2024 йилда креатив иқтисодиёт бўйича алоҳида қонун қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари шакллантирилгани ҳақида ёзган эди. Шунингдек, Креатив индустрия парки ташкил этилиб, унинг резидентлари учун алоҳида солиқ режими жорий этилган. Хусусан, даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 6 фоизга туширилган. Бундан ташқари, соҳа тадбиркорларига бир қатор қўшимча имтиёзлар берилган.
Ушбу чора-тадбирлар туфайли 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулотда креатив иқтисодиёт улушини 5 фоизга (145 триллион сўм) етказиш, экспортни 1 миллиард долларга етказиш ва 500 мингдан ортиқ аҳолини иш билан таъминлаш режалаштирилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.