Корея Республикаси президенти Ли Чжэ Мён раислигида ўтган тадбирда, шунингдек, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.
Таклиф этилаётган қарашнинг бош мақсади — «келажакда мамлакатларимизга қандай компетенциялар, ишлаб чиқариш қувватлари, инфратузилма, кадрлар ва мутахассислар керак бўлишини олдиндан белгилаб олишдир». Ушбу ҳужжатдаги вазифаларни амалга ошириш учун Жадал ривожланиш лойиҳалари портфелини шакллантириш муҳим, деди президент.
Ушбу портфелга «мамлакатларимиз учун янги ўсиш манбалари ва узоқ муддатли имкониятларни яратишга қодир бўлган, катта бурилиш ясайдиган ташаббуслар киритилиши керак».
Рақамли келажак хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам умумий эътибор марказида бўлиши лозим. Кибертаҳдидларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмларини яратиш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ўта муҳим.
«Бундай муносабатлар натижасида бизнинг ҳамкорлигимиз ягона стратегик ёндашув ва эртанги кунимизнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда барпо этилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бугунги кунда Марказий Осиё фақат хомашё етказиб берадиган минтақа эмас. Мамлакатларимиз инновацион ва технологик ҳамкорлик учун имкониятларни кенгайтирган ҳолда, қўшимча қийматнинг глобал занжирларига фаол қўшилмоқда. Бизнинг минтақамиз савдо бўйича хавф-хатар зоналаридан ташқарида жойлашган ишлаб чиқариш майдонларига эга экани ва маҳсулотларга талаб тез ўсиб бораётгани билан Корея Республикаси учун Евроосиёдаги алмаштириб бўлмайдиган ҳамкорга айланиши мумкин», — деди у.
Ўзбекистон саноат ва савдо вазирлари учрашувлари платформасини яратиш тўғрисидаги ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ушбу мувофиқлаштирувчи механизмнинг таъсис этилиши ўзаро савдони сезиларли даражада кўпайтириш учун биргаликда самарали ечимларни топиш имконини беради, деди Шавкат Мирзиёев.
«Тўсиқларни бартараф этиш, сертификатлаш бўйича тартиб-таомилларни ва маҳсулотларнинг маҳаллий савдо платформаларига ўзаро кириб боришини соддалаштириш юзасидан таъсирчан чора-тадбирларни кўриш муҳимдир. Аминманки, ушбу қадамлар бизга улкан, аммо тўлиқ эришса бўладиган мақсадни амалга ошириш — 2030 йилга бориб минтақамиз мамлакатларининг Корея билан савдо айланмасини 20 миллиард долларга етказиш имконини беради», — дея қайд этди у.
Ўзбекистон «Марказий Осиё — Корея» саноат-технология паркини ўз ҳудудида жойлаштиришни таклиф қилди. Ушбу парк минтақа бозори учун инновацион ишлаб чиқариш базаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларни автокомпонентлар, электротехника, машинасозлик, фармацевтика ва кимё саноати маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратиш таклиф этилади.
Мулоқот мамлакатлари ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри шериклик алоқаларини йўлга қўйиш иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи, деб ҳисобланади.
«Бу йўналиш Марказий Осиё ва Корея ўртасида стратегик манфаатларнинг ноёб уйғунлигини яратади. Ушбу қимматбаҳо хомашёга бўлган талаб тез ўсиб бораётгани ва унинг Марказий Осиёдаги улкан захираларини ҳисобга олган ҳолда, минтақа жаҳон бозорида етакчи етказиб берувчилардан бирига айланишга қодир. Бу борада Кореянинг илғор технологиялари ва капитали ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.
У нодир минераллар бўйича минтақавий инвестициявий альянсни ташкил этишни таклиф қилди. Мазкур ташаббус минтақада ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари — геология-қидирув ва қазиб олишдан тортиб, хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни қамраб оладиган йирик саноат кластерларини ташкил этишга қаратилган.

«Корея, Париж келишуви доирасида, хорижий мамлакатларда иқлимга оид лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилган, бизнинг минтақамиз эса „яшил“ инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш ва ишончли платформа бўлишга тайёр. Ушбу имкониятларни бирлаштириш мақсадида Марказий Осиё ва Корея ўртасида иқлим ва углерод ҳамкорлиги бўйича форматни ишга туширишни таклиф этамиз», — деди Ўзбекистон президенти.
Шавкат Мирзиёев иқлим, энергетик ўтиш ва ҳаво сифати бўйича қўшма ташаббусни олқишлади. У бу Корея технологиялари трансферига, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг даврий ва кам углеродли иқтисодиётга муваффақиятли ўтишига ёрдам беришига умид билдирди.
«Марказий Осиё — алоҳида демографик энергияга эга бўлган минтақа бўлиб, аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Aйнан ёш авлод мамлакатларимизнинг рақобатбардошлигини белгилайди», — деди у.
«Биз муҳандислик, технология ва рақамли соҳалардаги мутахассисларга талаб ортиб бораётган вазиятга дуч келмоқдамиз. Биз учун ёш авлод келгусида илғор билимлар, кўникмалар ва халқаро тажрибадан фойдаланиш имконига эга бўлган ҳолда, замонавий технологик иқтисодиётнинг бир қисмига айланиши жуда муҳимдир», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон инсон капиталини ривожлантириш соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни шакллантиришни таклиф этмоқда. Бу ҳамкорлик «буюртма — ўқитиш — бандлик» деган аниқ тамойилга асосланиши керак.
«Биз истиқболни Корея бизнесининг кадрларга бўлган эҳтиёжларини минтақамизнинг таълим соҳасидаги салоҳияти билан бевосита боғлашда кўрмоқдамиз. Бундай ёндашув кўплаб истеъдодли ёшлар учун касбий ривожланиш учун йўл очади ва қўшма лойиҳаларимиз бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашни кафолатлайди», — дея қайд этди у.
«Айниқса, сунъий интеллект технологияларини биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий этиш, минтақада кенг қамровли технологик база ва кўникмаларни яратишда ёшларнинг алоҳида ўрни ва ролига талаб катта. Президент Ли Чжэ Мён Жаноби Олийларининг „Ўхшаши йўқ Корея“ доктринасини ушбу кенг кўламли жараён учун Марказий Осиёдаги асосий таянч майдонлардан бирига айлантиришни таклиф этамиз», — деди президент.
Биз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан ҳамкорлигимизни кенгайтира оламиз, уни янги лойиҳалар билан тўлдириб, мавжуд улкан салоҳиятдан мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлида фойдалана оламиз, деб ишонаман.
Сўзининг якунида президент Ўзбекистонда келгуси йилда Корея Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги ва корейс диаспорасининг минтақада яшай бошлаганининг 90 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари энг юқори даражада ўтказилишини таъкидлади.
Саммит якунлари бўйича Сеул декларацияси ҳамда ҳамкорликнинг устувор йўналишларига оид қатор бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.