Президент автомобилнинг юрган масофаси ўзгартирилганини яширганлик учун жарималар тўғрисидаги қонунни қайтарди

Президент автомобилнинг юрган масофаси ўзгартирилганини яширганлик учун жарималар тўғрисидаги қонунни қайтарди

Президент Шавкат Мирзиёев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖтК) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни парламентга қайтарди. Бу ҳақда 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутат Гулшана Худоярова маълум қилди.

Қўмита маълумотларига кўра, қонун 27 январь куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган, сўнг май ойида Сенат томонидан маъқулланиб, Президент администрациясига юборилган. 8 сентябрь куни давлат раҳбари ҳужжатни парламентнинг ҳар икки палатасига қайтариб, «бир қатор концептуал масалалар ва эътирозлар»ни билдирган.

Ҳужжат автомобиль одометри кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки одометрнинг ўзи алмаштирилгани тўғрисида харидорни хабардор қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этишни назарда тутган.

Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни 178−2-модда билан тўлдириш таклиф қилинган. Сенатда таъкидланганидек, бунорма автомобиль бозорида фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишга, автомобиль сотишдаги суиистеъмолчиликларга барҳам беришга ваистеъмолчиларнинг ишончли маълумот олиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган.

Ҳужжат транспорт воситасини бошқариш ёки ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш муддатини қисқартириш тартибини ҳам ўзгартирган.

МЖтКнинг янги таҳрири тайёрланмоқда


Эътирозлардан бири ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрири ишлаб чиқилаётгани билан боғлиқ.

Мажлисда қайд этилганидек, президентнинг 2026 йил 7 майдаги Ф — 30-сон фармойишига мувофиқ, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари олимлар билан биргаликда МЖтКнинг янги таҳрири лойиҳасини тайёрламоқда.

Унда алоҳида процессуал қисм киритилиб, ишлар кўриб чиқилишининг ҳар бир босқичида иш юритиш нормалари ва тартиби батафсил белгилаб қўйилиши режалаштирилмоқда.

«Қисқа муддат ичида кодексга иш юритиш тартибига оид такрорий ўзгартиришлар киритилиши амалиётнинг нотўғри шаклланишига, ноаниқлик ва турли талқинлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин», — деди Худоярова эътирозларга таяниб.

МЖтКнинг янги таҳририни тайёрлаш август ойида тасдиқланган «Одил судлов — 2030» стратегиясида ҳам назарда тутилган: Адлия вазирлигига Олий суд ва Бош прокуратура билан биргаликда 2027 йил 1 апрелга қадар лойиҳани ишлаб чиқиш топширилган.

Одометрлар бўйича эътироз


Қўмита алоҳида равишда қонунда назарда тутилган автомобиль одометрлари кўрсаткичлари билан боғлиқ жавобгарликка тўхталди.

Президент эътирозларида Германия, Польша, Франция, Канада, Жанубий Корея ва бошқа давлатлар тажрибаси келтирилган.

«Хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, одометр кўрсаткичи нотўғри эканлиги ҳақида харидорни хабардор этмаганлик учун эмас, балки одометрга ташқи таъсир кўрсатиш орқали унинг кўрсаткичини ўзгартирганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилишининг мақсадга мувофиқлиги қайд этилган», — деди қўмита вакили.

Шу тариқа, эътироз ҳуқуқбузарлик таркибига ёндашувнинг ўзига тааллуқли: жавобгарликни одометрнинг кўрсаткичлари ишончсизлиги ҳақида харидорга кейинчалик хабар бермаганлик билан эмас, балки унинг ишига аралашиш билан бевосита боғлаш таклиф қилинмоқда.

Қонун қайта кўриб чиқишдан олиб ташланди


Қўмита билдирилган эътирозларни қонун лойиҳасининг дастлабки концепцияси доирасида бартараф этишнинг имкони йўқлигини билдирди.

Шу муносабат билан Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси қонунни Қонунчилик палатасида қайта кўриб чиқишдан олиб ташлашни таклиф қилди.

Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов вазиятга изоҳ берди.

«Қонун лойиҳаси биздан ҳам ўтган, Сенатдан ҳам ўтган. Унда бир нотўғри нарса йўқ. Лекин ҳозирги кунда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрири бўляпти. Шу билан бирга кўрилса, шу принципларидан келиб чиқиб кўрилса, деган тавсия бўлди», — деди у.

Депутатлар қонунни қайта кўриб чиқишдан олиб ташлаш таклифини бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.