
Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида барпо этилган ўрмонларни парваришлаш ва муҳофаза қилишда ҳам муаммолар мавжудлиги таъкидланди.
Президент амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини кўчатларнинг бир, уч ва беш йилдан кейинги сақланиб қолиш даражаси асосида баҳолаш зарурлигини таъкидлади.
Кўкаламзорлаштириш ишларини илмий асосда ташкил этиш, тупроқни тайёрлаш ва суғориш тизимини яратишдан тортиб, кўчатларни камида уч йил давомида парваришлашгача бўлган барча жараёнларни қамраб олувчи ёндашувлар муҳокама қилинди.
Кўчат экиш муддатлари ҳар бир ҳудуднинг об-ҳаво шароити ва олимлар хулосалари асосида белгиланиши лозим. Маҳаллий иқлимга мослашган, иссиқ, совуқ ва сув танқислигига чидамли дарахт турларига устувор аҳамият берилади.
Ҳар бир кўчадаги дарахт ва кўчатлар ҳолатини маҳалла раислари билан биргаликда мунтазам кузатиб бориш, уларнинг қуриб қолиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш вазифаси қўйилди.
«Менинг яшил маҳаллам» дастури доирасида маҳаллаларга комплекс хизматлар кўрсатиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Маҳаллалар буюртмаси асосида сифатли кўчатлар, органик ўғитлар ва сув тежовчи суғориш воситаларини етказиб бериш, шунингдек, дарахтларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш хизматларини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Ҳар бир маҳаллага устоз ўрмончини бириктириш, аҳолига кўчат экиш, суғориш ва парваришлашни ўргатиш таклиф қилинди.
Шунингдек, маҳаллаларнинг «яшил рейтинги»ни жорий этиш таклифи муҳокама қилинди. Унинг асосий мезонлари яшил майдонлар улуши, аҳоли жон бошига тўғри келадиган дарахтлар сони, янги кўчатларнинг тутиб кетиш даражаси ва аҳолининг жараёндаги иштироки бўлади.
Юқори натижаларга эришган маҳаллаларни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш топширилди. Жумладан, уларга ободонлаштириш учун қўшимча маблағлар ва «яшил» лойиҳаларни амалга ошириш учун мақсадли микрогрантлар ажратиш назарда тутилмоқда.

Президент аҳоли гавжум жойлар, пиёдалар йўлаклари ва сайр кўчалари бўйлаб дарахт экиш ишларига устувор аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади.
Тақдимотда таъкидланишича, бундай жойларда соя берувчи дарахтлар сонининг кўпайтирилиши аҳолининг ҳаракатланиши ва дам олиши учун қулай шароит яратади.
Ҳудудларни кўкаламзорлаштириш дастурларини «3−30−300» тамойили асосида амалга ошириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, ҳар бир инсон яшаш, ишлаш ёки ўқиш жойидан камида 3 та дарахтни кўра олиши, аҳоли яшаш ҳудудининг камида 30 фоизи дарахтлар сояси билан қопланиши ҳамда уйдан 300 метр масофада дам олиш учун яшил ҳудуд бўлиши керак.

Янгихаёт туманида маҳалла ва жамоат боғлари, соя-салқин сайр кўчалари, шунингдек, саноат корхоналари атрофида «яшил белбоғлар» ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Суғориш учун ер ости сувларини тўплаш ва қайта ишлатиш, сув ўтказувчи қопламалардан фойдаланиш ҳамда органик чиқиндилардан компост тайёрлаш каби ечимлар таклиф этилди.
Кўкаламзорлаштириш ишлари саноат чиқиндиларини камайтириш, ҳаво сифатини автоматик мониторинг қилиш ва чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш чоралари билан бир вақтда олиб борилади.
Олот туманида чўл шароитига мослашган ва кўп сув талаб қилмайдиган ўсимликлар ҳисобига яшил қопламни кенгайтиришга асосий эътибор қаратилади.
Маҳаллий шароитда кўчат етиштиришни ривожлантириш, дендрология боғи ва шўрга чидамли ўсимликлар боғини ташкил этиш, шунингдек, йўллар ва каналлар бўйлаб ҳимоя дарахтзорларини барпо этиш таклиф қилинмоқда.
Ургут туманини тоғ ва тоғолди ҳудудларининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда кўкаламзорлаштириш режалаштирилган. Бу ерда дендрология ва жамоат боғларини ташкил этиш, саноат зонаси атрофида ҳамда темирйўл бўйлаб «яшил белбоғлар» барпо этиш назарда тутилган.
Шунингдек, «Омонқўтон» миллий табиат боғида маҳаллий дарахт ва бута турларининг уруғлари асосида табиий ўсимлик қопламини тиклаш чоралари кўрилади.
Лойиҳани илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Турли ҳудудлар шароитига мослашган соғлом кўчатлар етиштириш учун in vitro лабораториялари ва замонавий кўчатхоналар ташкил этиш, шунингдек, кўп сув талаб қиладиган манзарали майсазорларни босқичма-босқич қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар билан алмаштириш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, кўчатларнинг қуриб қолиши, сув танқислиги, касалликлар ва зараркунандалар тарқалиши хавфини эрта аниқлаш, масъулларни ўз вақтида огоҳлантириш ҳамда натижаларни ягона харита орқали очиқ кузатиб бориш имконияти яратилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.