Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Россия Давлат думасига сайловлар ўтказилгани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни Россия Давлат думасига сайловлар ўтказилгани билан табриклади

Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, Россия Федерал мажлиси Давлат думасига сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон раҳбари сайловлар Россия жамиятининг юксак сиёсий маданияти ва фуқаролик ҳамжиҳатлигини намоён этганини таъкидлади.

Мактубда сайловчиларнинг рекорд даражадаги иштироки ва овоз бериш натижалари Россия фуқароларининг президент Владимир Путин раҳбарлигидаги мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган стратегик йўналишига юксак ишонч билдираётганидан далолат бериши қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари мисли кўрилмаган суръатларда ривожланаётганини мамнуният билан таъкидлади.

Парламентлараро ҳамкорлик икки томонлама лойиҳа ва дастурларни муваффақиятли амалга оширишда алоҳида ўрин тутиши қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини ҳар томонлама ривожлантиришга янги суръат бағишлаш ва уни мамлакатлар равнақи ҳамда халқлар фаровонлигига хизмат қиладиган ташаббуслар билан бойитишга ишонч билдирди.

Мактуб якунида Владимир Путинга мустаҳкам соғлик ва давлат фаолиятида янги муваффақиятлар, Россия халқига эса тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт тилаклари билдирилди.

Россияда Украина билан кенг кўламли уруш бошланганидан кейинги илк Давлат думаси сайловлари бўлиб ўтди. Овоз бериш якунларига кўра, биринчи ўринни «Единая Россия» эгаллади. Россия Марказий сайлов комиссиясининг расмий маълумотларига кўра, баённомаларнинг 90,43 фоизи қайта ишланганидан сўнг партия федерал рўйхат бўйича 57,86 фоиз овоз олди. Иккинчи ўринда — КПРФ (13,84%), учинчида — ЛДПР (8,90%), тўртинчида эса — «Новые люди» (7,94%) олди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.